Қозоғистоннинг Ақтўбесида мустақил журналист дўппосланган

Image caption Қозоғистонда журналистларни касбий фаолияти туфайли дўппослаш ва уларга таҳдид қилиш тез тез учраб туради.

“Свобода слово” нашри мухбири Игор Ларра ҳужумни касбий фаолияти билан боғлаган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳукуматдан жиноятчиларни топиб жазолашни ва ҳужум касбий фаолият билан боғлиқлигини текширишни сўраган.

Авторитар режим саналган Қозоғистонда журналистларни дўппослаш ва уларга таҳдид қилиш тез тез учраб турадиган ҳолатдир.

Игор Ларрани 20 август тунги соат 23:00 да калтаклашган. Журналист дўстининг уйидан чиқаётган бўлган. тўсатдан пайдо бўлган 4 номаълум шахс аввалига унинг бошига темир билан урган ва юзига тепа бошлашган.

Журналистнинг таъкидлашича ҳар домигидек “салом йўллашган” ва “ортиқча нарсаларни кўп ёзаётганини” айтишган.

Ҳужум қилганлар журналистнинг чўтагидаги 30 минг танга (тахминан 200 доллар)ни, мобил телефонини олиб қўйишган ва кўйлагини ечиб олиб йўлнинг ўртасига ташлаб кетишган.

Игор Ларра ўша заҳоти полиция участкасига борган. Бироқ полиция унга нисбатан ҳужумни ўрганиш ва тиббий экспертизага юбориш ўрнига журналистнинг ичган ичмаганини текширишга киришиб кетади.

“Ларрани биринчи марта дўппослашаётгани йўқ. Олдин 2010 йилда ҳам ҳудди шундай ходиса бўлганди. Аммо ўшанда журналист полицияга ишонмаслиги сабаб шикоят қилмаган. Бу сафар борган, аммо полициянинг муносабати бизни ажаблантирди. Ҳужумдан шикоят қилиб келган одамни суд тиббий экспертизадан ўтказишнинг ўрнига наркологни топиб журналист ичган ичмаганини қайд қилишга киришиб кетишади,” - дейди “Одил сўз” жамғармаси президенти Тамара Калеева.

Игор Ларра сўнгги дўппослашлар ортида маҳаллий ҳокимят турганини гумон қилади. Калтаклашлардан сал олдинроқ у ҳамкорлик қилган "Assandi times" газетасида шаҳардаги ноқонуний қурилишлар ва уларнинг ортида ҳокимият тургани ҳақида мақола чиқади.

Ҳодиса юзасидан Human rights watch ташкилоти ўз муносабатини билдириб чиққан. Ташкилот Қозоғистон ҳукуматини журналистга бўлган ҳужумни синчковлик билан ўрганиб чиқишга ва айбдорларни тез орада топиб жазолашга чақирган. Баёнотда ушбу ҳужум журналистик фаолият билан боғлиқ ёки боғлиқ эмаслиги текширилиши кераклиги айтилган.

Ақтўба вилоят ички ишлар департаменти томонидан чиқарилган хабарда ушбу ҳужум касбий фаолиятга алоқаси йўқлиги таъкидланади.

“Ушбу ҳодиса унинг касбий фаолияти билан боғлиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Ҳодиса ҳозирча шахси аниқланмаган кишиларнинг ғаразли мақсадида амалга оширилган”, - дейилади департамент хабарида.

“Одил сўз” жамғармаси президенти Тамара Калеева Қозоғистон журналистларга нисбатан ҳужумлар тез тез учраб туришини айтади. Бироқ ҳуқуқ тартибот органлари ушбу ҳужумларни касбий фаолият билан боғламайди.

Бу мавзуда батафсилроқ