Қирғизистонлик ўсмир ўлатдан вафот этган

Image caption Мутахассисларга кўра, ўсмир бола ўлат тарқатувчи бурга чаққанидан ўлган бўлиши мумкин, деб тахмин қилиняпти.

Қирғизистон шимолида ўтган ҳафта вафот этган 15 ёшли ўсмирнинг ўлатдан кўз юмгани жасадни ёриб кўрилганидан сўнг маълум бўлган.

Шу пайтгача у ўлат бўлгани тахмин қилинаётган эди.

Тоғли Сари Жазда дам олаётган ўсмир бола шашлик еб бу касалликка чалинган.

У юқори ҳарорат ва терисида тошмалар пайдо бўлиши билан шифохонага тушган.

Лекин дастлабки тиббий қон текширувларида ўлат аниқланмаган, жасадни ёриб кўрилгандагина бу тахмин тасдиқланган.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги туманда эпидемияга қарши шошилинч чораларни бошлаган.

Шифокорлар улатдан вафот этган болакай билан алоқа килган Оқ Су яшовчиларини эмлай бошлаган.

Шу кунга кадар марҳум яшаган Ичке-Жергез қишлоғида истиқомат килган икки мингдан кўпроқ аҳолидан деярли учдан бири текширилган ва маҳаллий ҳудудда оммавий эмлаш тадбири ўтказилмокда.

Хабарларга кўра, маҳаллий аҳоли касал юмронқозиқнинг гўштидан шашлик тайёрлаган.

Айни пайтда яна 90 киши тиббий текширувдан ўтказилаётгани хабар қилинади.

Мутахассисларнинг атишича, бу Қирғизистонда сўнгги 30 йилдаги биринчи ўлат юқтириши ҳолатидир.

Қора ўлим номини олган ўлат 14 асрда 10 миллионлаб кишининг ўлимига сабаб бўлгани айтилади.

Жуда юқумли бўлгани сабаб ўлатга чалинганларнинг 95 фоизи хаётдан кўз юмади.

Хўш, ушбу касаллик қандай пайдо бўлади? Суҳбатдошимиз Қирғизистон Соғликни Сақлаш вазирлиги қошидаги санитария бўлими раҳбари Толо Исоқов.

Толо Исоқов: Инсонда Ўлат касаллиги уч хил бўлади. Булар орасига ўпка ўлати, без ўлати ва тер ўлатлари киради. Мазкур ҳодисада без ўлати рўй берган. Бу юқумли касаллик ўпка ўлатидан фарқли ўлароқ камроқ хавфли деб саналади. Ўпка ўлатида касаллик зудлик билан тарқалиб кетиши мумкин. Бубон ўлати билан боғлиқ ҳодисада касаллик ёпиқ тарзда ўтган. Яъни унинг зарарлиги фақат икки холатда рўй бериши мумкин, агар бу каби ўлат билан оғриган одамнинг жароҳати ёриб очилса ёки у касал билан яқин алоқада бўлганлар аниқланса.

Би-би-си: Айтингчи, ўлган ўсмир билан алоқада бўлганларни касалликдан ҳимоя қилиш учун сизлар қандай чора тадбирларни кўраяпсизлар, бу ҳолатни иҳоталаш учун?

Толо Исоқов: Айни ҳолатда тиббиёт ходимлари томонидан барча дезинфекцион чоралар ўтказилмоқда. Шошилинч чора тадбирлар амалга оширилмоқда. Марҳум ўсмир Ақсу туманида мол боққан, ўз ота-онасиникига мехмонга борган эди. Бу эса ўтроқ жойларидан узоқ жойлашган. Бу жой касалликнинг ухлаб турган табиий манбаси бўлгани сабаб, у ерда жуда кўп кемирувчи хайволар яъни юмронқозиқлар тарқалган. Биз олиб борган текширувларга кўра, бу боланинг юмронқозиқлар билан контактлари бўлмаган, уларни тутиб юрмаган ва терисини шилмаганга ўхшайди. Бироқ бизнинг тахминларимизга кўра, кемирувчи хайвончаларнинг терисида бўладиган бургалар воситасида бу болага касаллик ўтган. Бу хашаротлар ўлатнинг тарқатувчиларидир. Мазкур ўсмир бурга чаққанидан ўлган бўлиши мумкин деб тахмин қилаяпмиз. У билан яқин алоқада бўлган ота- онаси, ўртоқлари ва уни бошида даволаган тиббиёт ходимлари хозирда иҳоталанган ва уларга антибиотик берилмоқда. Уларнинг сони 105та бўлиб, лекин уларга бу касалик юқмаганини таъкидламоқчиман.

Би-би-си: Бу юқумли касаллик билан қандай курашиш мумкин? Бу касаллик анчадан олдин бартараф этилган, нима учун хозирда ҳам айрим холатларда бу касаллик чиқиб туради?

Толо Исоқов: Ҳа, бу касаллик узоқ вақтдан бери бартараф этилган, лекин шунга қарамай, эпидемиянинг бирдан авж олиши холатлари сақланиб туради. Агар эсингизда бўлса, Оврупо давлатларида, ҳаттоки Марказий Осиёда ҳам бу касалликка чалиниш оқибатида бир неча ой ичида 50 миллионга яқин инсон нобуд бўларди. Биз хозир ягона ҳолатлар ҳақида гапиряпмиз. Бундай ҳолатлар Оврупо мамалкатларида ҳам учраб туради. Ўтган йили Олма Отада ҳам ўлат касаллиги юз бергани борасида эшитганмиз. Қирғизистонда сўнгги ҳолат 1981 йилда руйихатга олинганди, унда овчилик қилиб юрган киши бу касалликка чалиниб, ўлиш ҳолати юз берган. Ўшандан бери бу иккинчи ҳолат.

Бу мавзуда батафсилроқ