"Туркман президенти бутун аҳолига велосипед ҳайдашни буюрди"

Image caption Туркман президенти велосипедчиларга бошчилик қилаяпти

Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов ўз халқи орасида велоспортни тарғиб қилишга уринмоқда.

Британияда чиқадиган Индепендент газетаси хабар қилишича, Туркман президенти 1 сентябрда бўлиб ўтадиган оммавий тантаналарда қатнашиш учун барча фуқароларга велосипед сотиб олишни буюрган.

Жаноб Бердимуҳамедов ўтган ой пойтахт Ашхобод яқинида ўтган велопойгада ўзининг яшил велосипеди билан "ғолиб" чиққани акс этган видео тарқатилганди.

У бундан аввал машиналар пойгаси ва от пойгасида "ғолиб чиққан". Бироқ, от пойгасидаги ғалабасидан бир сония ўтмай, оти уни улоқтириб юборганди.

Жаҳоннинг энг авторитар ва шахсга сиғиниш авж олган тузумларидан бирининг раҳбари велоспортни ривожлантириш бўйича тўрт йиллик режани тасдиқлаган ва расмийлару талабаларга велопойгада қатнашишни буюрган.

"Бу саломатликни яхшилайди, табиат тозалигига ёрдам беради ва велосипед ҳайдашни тарғиб қилади", - деб айтган президент.

Лондон ҳокими Борис Жонсон ҳам ўзининг велоспорт тарғиботи билан тилларга тушган, лекин жаноб Бердимуҳамедовга ўхшаб беш миллионлик аҳолини велосипедга ўтиришга мажбурламаганди.

Айни дамда мухолифат сайтлари хабарига кўра, Туркманистонда велосипед нархлари кескин сапчиган.

"Жисмонан соғ одамлар, ўқувчилар ва талабалар қандай бўлмасин 1 сентябргача велосипед топишлари керак", - деб ёзади Хроно вебсайти.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Туркманистон жаҳондаги энг репрессив режимлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўтган июнда Женнифер Лопес Президент Бердимуҳамедовни туғилган куни билан табриклаб айтган қўшиғи учун қаттиқ танқид қилинган.

Унинг воизи Лопес хоним агар инсон ҳуқуқлари муаммоларини аввалдан билганида, ашулани айтмаган бўлишини билдирган.