"Пулково" қўналғаси қурилишида ишлаётган 400га яқин меҳнат мухожири заҳарланди

Санкт-Петербург шаҳрининг "Пулково" қўналғаси янги терминали қурилишида ишлаётган 400 дан зиёд меҳнат муҳожирлари оммавий равишда овқатдан заҳарланди.

Заҳарланганларнинг 212 нафари шифохонага жойлаштирилди, 15 нафари оғир аҳволда жонлантириш бўлимида ётибди.

Сўнгги маълумотларга кўра, овқатдан заҳарланганларнинг 70 фоизи ўзбекистонликлар.

Хабар берилишича, 26 август куни тушлик қилган ишчиларнинг икки-уч соатдан сўнг оммавий равишда тоблари қочди.

Улар қоринларида қаттиқ оғриқ, қайт қилиш ва иситма кўтарилиши каби аломатларни намаоён қила бошлаганлар.

Ишчилар асосан ўзбекистонлик, тожикистонлик ва оз сонли туркиялик меҳнат муҳожирлари бўлган.

Қурилиш ишчиларига шу куни тушликка майда тўғралган товуқ гўшти солинган мастава берилган.

Воқеа жойига зудлик билан "Тез ёрдам", транспорт полицияси хизмати ва мутасадди ташкилотлар вакиллари етиб келди.

Қатор-қатор автобуслар ва "Тез ёрдам" машиналари беморларни 30-сонли Боткина юқумли касалликлар шифохонасига элитганлар.

Шифохонада жой етишмаганлиги сабабли касал муҳожирлардан баъзилари ташқарида қолган, беморлар касалхона йўлагидаги ўриндиқларда ётишибди.

"Ҳозирги пайтда вақтинчалик лагер ташкил қилинган, тиббий пунктлар очилиб муҳожирлар соғлиги назоратга олинган", -деди "Марказий осиёлик муҳожирларга ёрдам бериш маркази" юристи Элёр Тоштемиров.

Санкт-Петербург шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси беморлар юқумли касалликлар тоифасига кирганлиги боис, заҳарланган муҳожирларга бошқа шифохоналардан ўрин ажратиш мумкин эмаслигини билдирди.

Қурилиш ишчиларининг овқати таъминоти билан "София" компанияси шуғулланиб келган.

Айтилишича, заҳарланишга айниган товуқ гўшти сабаб бўлган бўлиши мумкин.

"Заҳарланганларнинг даволаниш ҳаражатларини ўз зиммамизга оламиз",- дея маълум қилди ICA қурилиш компанияси вакили Александра Тен.

Санкт-Петербург Ички Ишлар Бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан "Санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилмаганлик" факти бўйича жиноий иш қўзғатди.

Бу мавзуда батафсилроқ