Россия Думасидаги миллатчилар муҳожирларга қарши тартибни кучайтиришга чақирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption МДҲ давлатлари билан виза тартиби жорий этишга чақириқлар кучайган

Россияда муҳожирларга қарши рейдлар давом этаркан, мамлакат Думасидаги қонун чиқарувчилар муҳожирлар билан боғлиқ яна бир қонун лойиҳасини таклиф этишган.

Ашаддий миллатчи Либерал - демократик партиянинг икки депутати томонидан илгари сурилган лойиҳа муҳожирлик тартибини бузганларни Россиядан чиқариб юборишни шарт қилиб қўяди.

Би-би-си қонун ташаббускорларидан бири, Россия Думасидаги ЛДПР фракцияси раисининг ўринбосари Ярослав Нилов билан боғланиб, аввалига нима учун бу каби қонун айнан ҳозир таклиф этилмоқда, деб сўраган.

Ярослав Нилов: Аслида ЛДПР фракцияси муҳожирликни тартибга солиш учун қандай амалий чоралар кўриш кераклиги ҳақида анчадан буён гапириб келади. Биз шу йил бошида Бош вазир билан учрашган пайтимиз бу масалада қатор амалий таклифларимизни берганмиз. Ва бугун ўтказилаётган рейдлар янги ва янги ноқонуний муҳожирларни очиқликка чиқараётган бир пайтда муҳожирлик борасидаги қонунчиликни ўзгартириш кераклиги аён бўлиб қолди. Бугунги маъмурий кодексга қараладиган бўлса, унда ноқонуний муҳожирларга жарима ва мажбурий чиқариб юбориш чоралари қўлланиши кўзда тутилган. Аммо маҳкама мажбурий депортация чорасини қўлламаслиги мумкин, деган бир банд ҳам бор. Биз бундай бўлиши керакмас, деб ҳисоблаймиз ва мажбурий депортацияни шарт қилиб қўйишни таклиф қилаяпмиз. Иккинчи бир жиҳат, биз Россияда суғуртанинг янги кўриниши- мамлакатдан чиқиб кетмасликка қарши суғурта усулини жорий қилиш тарафдоримиз. Унга мувофиқ, Россияга кириб келаётган ҳар бир хориж фуқароси суғурта полиси сотиб олади, эҳтимол бу полис унчалик қиммат бўлмаслиги керакдир, балки бир , балки икки доллар. Шунда агар ноқонуний мигрант қўлга олинадиган бўлса, унинг барча харажатлари, жумладан, йўл харажатларини ҳам суғурта ширкати қоплаши керак бўлади.

Би-би-си: Аммо бу Россиянинг халқаро мажбуриятларига қанчалик тўғри келади?. Масалан, Оврўпо Инсон Ҳуқуқлари конвенцияси оммавий депортацияни тақиқлайди...

Ярослав Нилов: Бу коллектив депортация бўлмайди, бу индивидуал ҳолда амалга оширилади. Кимдир муҳожирлик қонунини буздими, уни ушлаб, мамлакатдан чиқариб юборилади.

Би-би-си: Россиядаги ноқонуний муҳожирларнинг сони миллионлаб экани назарда тутилса, оммавий депортациясиз амалага ошириб бўлармикан сиз айтаётган чораларни?

Ярослав Нилов: Шунда ҳам барибир коллектив депортация бўлмайди. Бу индивидуал депортация бўлади...

Би-би-си: Кўпчилик мигрантларга қарши кампанияни Москва ҳокимлигига сайловлар билан боғлайди. Сизларнинг қонунчилик ташаббусингиз ҳам ана шу кампаниянинг бир қисмими?

Ярослав Нилов: Мен сизнинг саволингизни тушундим. ЛДПР сайловлардан анча олдин бу ҳақда гапиришни бошлаган. Биз муҳожирларни тартибга солиш керак, деб чиққан пайтимиз хали Москва ҳокимлигига сайловлар эълон қилинмаган эди. Биз бу борада ўзимизнинг тўрт векторли назорат ҳақидаги концепциямизни таклиф қилганмиз. Биз бот-бот раҳбаримиз Владимир Жириновский билан Москва кўчаларига чиқиб, сайловчилар билан мулоқот қиламиз. Ҳар сафар социология ўзгараётганига гувоҳ бўламиз. Славян миллатига мансуб одамлар қолмаяпти. Ҳамма ёқда фақат мигрантлар. Биз собиқ совет давлатлари билан виза тартибини жорий қилишга чақираяпмиз. Биздан мустақил бўлишдими, ўз кунларини ўзлари кўришсин. Бизнинг улар билан ишимиз йўқ.

Би-би-си: Лекин сизнинг Россия манфаатлари билан ишингиз борми? Дейлик, ўша Марказий Осиёда?

Ярослав Нилов: Россиянинг ҳамма ердаги манфаатлари бизни қизиқтиради. Аммо менинг айтаётганим биз биринчи навбатда ўзимизнинг халқимиз, унинг фаровонлиги, Россия иқтисоди ҳақида ўйлашимиз керак. Хорижий фуқаролар қандай яшаётгани ҳақида эмас.

Би-би-си: Шу кунларда Россия Думаси яна бир қонунни қабул қилгани маълум бўлган. Унга мувофиқ, 2018 йилда ўтадиган жаҳон чемпионати иншоотларини қуришда қатнашадиган ширкатлар истаганича муҳожирларни ишга ёллаши мумкин. Уларнинг сони ҳам, иш соатлари ҳам чекланмаган. Бу Россия ҳукумати ва Давлат Думаси ҳам бир томондан, муҳожирларга қарши курашаётгандек бўлиб, иккинчи тарафдан катта бизнес билан мигрантларни қулдек ишлатишга тил бириктирганлигини англатмайдими?

Ярослав Нилов: Бу биринчидан, малакасиз мигрантларга тааллуқли эмас. Иккинчидан, сиз айтаётган қонун шу кунларда эмас, анча аввал қабул қилинган. Чунки Дума 5 июлдан буён таътилда. Бу бутунлай бошқа масала. Бу кўпроқ жаҳон чемипионати, олимпия ўйинлари, кўнгиллилар ва бошқа мамлакатлардан келадиган қурувчилар билан боғлиқ бир қонун. Унинг мигрантларга унчалик ҳам алоқаси йўқ...