Америкалик машҳур қўшиқчи Қозоғистон Президенти невараси тўйида

Image caption "Борат диёридаги чиқиши учун Канье Уэстга миллионлар тўланди", деб хабар берган ахборот воситалари.

Америкалик таниқли рэпер Канье Уэст рекорд даражадаги гонорар эвазига Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси Айсултаннинг никоҳ тўйида иштирок этган.

Қозоғистоннинг gazeta.kz веб-сайтига кўра, никоҳ тўйида ўзининг унча катта бўлмаган концерт дастури билан қатнашган рэпер уч миллион долларга яқин пул олган.

Америкалик қўшиқчига Қозоғистондаги тўйда "мисли кўрилмаган ҳақ" тўлангани ҳақида дунёнинг кўплаб нашрлари мақолалар босишган.

"Борат диёридаги чиқиши учун Канье Уэстга миллионлар тўланди" деб ёзган мухбирлар.

Шу билан бирга баъзи манбаларнинг таъкидлашича, америкалик машҳурнинг чиқиши келин-куёвга совға сифатида тақдим этилган.

Бошқа манбаларга кўра, реп қўшиқчининг хизмат ҳақи мамлакатдаги йирик банклардан бирининг эгаси, қозоғистонлик миллиардер томонидан тўланган.

Айтилишича, келган машҳурларга 6 миллион доллар атрофида маблағ сарфланган.

Айсултан Назарбоев ва Алима Бўронбоеваларнинг никоҳ маросими 31 август куни Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаотада бўлиб ўтган.

Никоҳ маросимини куёвнинг бобоси Президент Назарбоевнинг ўзи очиб берган.

Маросимнинг биринчи қисми миллий анъаналарга мос тарзда ташкил қилинган, иккинчисида эса оилавий кечки тановул кўринишида бўлиб, қозоғистонлик ва хорижий қўшиқчилар иштирок этишган.

Дабдабали маросимда шунингдек МДҲ давлатлари ва Туркиядан ҳам санъаткорлар бор эди, деб хабар беради оммавий ахборот воситалари.

Уларга кўра, президент невараси тўйига Мустафо Сандал, Вахтанг Кикабидзе, актёр Геннадий Хазанов, Лев Лещенко, Максим Галкин, Лолиты Милявская, Ёлка, Comedy clubдан Александра Ревва, телебошловчи Нонна Гришаевалар келишган.

Маросимни Қозоғистон КВН жамоасининг вакили Турсунбек Кабатов, россиялик Нонна Гришаева ва Максим Галкинлар олиб боргани айтилади.

Тўйда иштирок этган манбанинг айтишича, америкалик таниқли қўшиқчи Бейонс Ноулз ҳам ёшлар учун махсус чиқиш қилган.

Йигирма уч ёшли Айсултан Назарбаев Британиянинг Royal Military Academy Sandhurstи битирувчи ҳисобланади.

Келин бўлмиш 20 ёшли Алима эса КазРосГаз Қозоғистон-Россия қўшма корхонасининг бошлиғи Қайрат Бўронбоевнинг қизидир. Алима Лондондаги санъат тарихи университетида таҳсил олади.

Қозоғистон Президенти неварасининг тўйи ҳақидаги хабар кўплаб интернет фойдаланувчиларнинг баҳсларига сабаб бўлган. Кўпчилик шу қадар катта пул ишлатилганидан норози бўлганлар.

Бу давлат маблағларини кўкка совуришдир, деб ёзади интернет фойдаланувчилардан бири.

"Дабдаба учун солиқ тўлаш нима бўлади?" деб сўрайди Almatinets.

"Янги йилдан бошлаб нафақахўрлар қўшимча 2000 тенге олишлари мумкин, агар иқтисодий инқироз бўлмаса...", дейди Anonim.

"Агар сиз мамлакатдаги аҳоли турмуш даражаси ва ҳукуматнинг иш сифатини ҳисобга олсангиз, улар Кайрат Нуртас (қозоқ қўшиқчиси)дан бошқасига арзимайди!, деб ёзади Anonymox Anonymox .

"Кимдир қўшиқлари учун 3 миллион доллар олади, бу ерда эса мен 20 минг тўланмаган солиқ учун титраб тураман", дейди Азамат Ибрагимович.

"Улар бу пулларга автомобил йўлини таъмирлашса яхши бўларди", маслаҳат беради Ренат Беннет.

"Олти миллион доллар спортни ривожлантиришга сарфланса яхши бўларди. Уч миллион доллар Қозоғистон боксини дунёга чиқараётган Astana Arlans бокс клубининг йиллик бюджети саналади. Бу харажатлар нима учун? Одамлар "Кение Вест мендан бир метр нарида эди" деб мақтанишадими? ", дея киноя қилади Александр.

Image caption "Америкадаги "гламур" кечаларнинг кунда-шундаси Ким Кардашяннинг ўртоғи бўлган Канье Уэстга ҳозир пул жуда зарур", деб киноя қилишган фойдаланувчилар.

"Ҳақиқатдан ахмоқлик, биз қозоқлар бу пулларга қанча одамларни сув, газ билан таъминлаган, болалар уйлари ҳақида қайғурсак бўларди... унинг қўшиқлари бутун асрга бахтиёрлик берадими?" сўрайди Anonim".

"Қозоғистондан Америкага 3 миллион доллар оқиб кетди. Биз энди ҳеч бўлмаганда америкалик санъаткорларни қувватлаётганимиздан фахрлана оламиз", деб ҳазил қилади Азамат Алтаев.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бошқа яккаҳоким раҳбарлар каби Назарбоевни ҳам Қозоғистонда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши ва сўз эркинлигининг бўғилиши, ҳамда нефтдан келаётган миллиардлаб долларни ўзлаштиришда айблашади.

Шу боисдан 2011 йил британиялик қўшиқчи Стинг Жанаозен воқеаларидан кейин Остонага концертини бекор қилганди.

Канье Уэст ўзининг Қозоғистондаги чиқиши ҳақида ҳали изоҳ бермаган.

Бу дунёга таниқли юлдузларнинг Марказий Осиё мамлакатларидаги хос тадбирларга илк ташрифи эмас.

Инсон ҳақлари фаоллари америкалик поп қўшиқчи Женифер Лопеснинг инсон ҳуқуқлари вазияти абгор Туркманистонда Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов туғилган кунида концерт берганини танқид қилганлар.

Британиялик қўшиқчи Стингнинг Ўзбекистон Президенти қизи Гулнора Каримова ташкил қилган дабдабали маросимда иштироки ҳам танқидларга сабаб бўлган.

Унинг қийноқлар "мунтазам" қўлланиладиган Ўзбекистонда режим вакилларининг кўнгилхушлиги учун хизмат қилгани борасида салбий фикрлар билдирилган.

Бу мавзуда батафсилроқ