Қозоғистон ва Хитой 30 миллиард долларлик шартномалар имзолашни кўзламоқда

Image caption Қозоғистон Хитойнинг Марказий Осиёдаги илк стратегик шеригига айланди

Қозоғистон ва Хитой қиймати 30 миллиард долларга яқин 22та шартнома имзолашни режалаштирмоқда, деб айтган Қозоғистон президенти хитойлик ҳамкасби Ши Жинпинг билан шанба куни бўлиб ўтган учрашув ортидан.

Ушбу шартномаларга кўра, икки мамлакат энергетика соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга қарор қилган.

"Биз Қозоғистон эҳтиёжи бўлган нефтни қайта ишлаш заводини қуриш бўйича шартнмага эришдик," - деб айтган жаноб Назарбоев Оқўрда қароргоҳида бўлиб ўтган музокаралар ортидан.

Ўз навбатида Хитой раҳбари мамлакатининг дунёдаги энг йирик нефт майдонларидан бири - Қашаған нефт майдони нефт майдони ҳиссадорига айланганини айтган.

"Қашаған майдонини ўзлаштиришда Хитойнинг иштироки бўйича икки мамлакат ўртасида келишувга эришилди," - деб айтган Ши Жинпинг.

Битимга мувофиқ, Қозоғистон давлат энергетика ширкати - КазМунайГаз нефт майдонининг 8.33 фоиз ҳиссасини Хитой Миллий Национал Нефт Корпорацияси (CNPC) га сотиши кутилмоқда.

Назарбоев ва Жинпинг шунингдек икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик шартномасини ҳам имзолаганлар.

Мазкур шартнома Қозоғистон ва Хитойнинг барча соҳаларда яқин иттифоқчига айланишини англатади.

"Бугун бизнинг ҳамкорлигимиз янги босқичга кирмоқда," - деб айтган жаноб Ши Остана Университетида қилган чиқишида. - "Яқин қўшни узоқ қариндошдан яқинроқ деган мақол бор. Биз Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликка катта эътибор қаратамиз."

Ўтиб бораётган ҳафта бошида Хитой президенти нефт ва газга бой Туркманистонга сафар қилган.

Ши Жинпинг Ўзбекистон ва Қирғизистонга сафар қилиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ