Россия: Исинишни истаган ўзбеклар заҳарланиб ўлганлар

Россиянинг Новосибирск шаҳрида уч нафар ўзбекистонлик заҳарланиш оқибатида нобуд бўлганлар.

Марҳум йигитлар Обь шаҳри Южная кўчасидаги қурилиш вагонида яшаб келишган. Анча салқин тушиб қолганлиги сабабли тунда совқотган меҳнат муҳожирлари исиниш учун вагон ёнида тахталарни ёқишган. Сўнг чўғини ичкарига олиб кириб, кўмирнинг устига ташлаб ухлашган.

Эртаси куни йигитлар ишга чиқмаганлар. Шу шаҳарда ишловчи йигитларнинг тоғаси жиянларини ишга чиқмаганликларининг сабабини билиш учун вагонга келиб, уларнинг жонсиз ётганини кўрган.

Марҳумларнинг ёши 17, 18 ва 30да бўлган. Бир оиланинг аъзолари бўлган йигитлар Фарғона вилоятининг Сўх туманидан Новосибирскка ишлаш учун келишган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Новосибирск вилояти ИИБ матбуот хизмати ходими Би-би-сига гапира туриб, ўлимга заҳарланиш сабаб бўлганини билдирди.

"Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларининг ўлими юзасидан суриштирув ишлари ўтказилди. Экспертизада аниқланишича, ишчи мигрантларнинг ўлимига кўмирдан заҳарланиш сабаб бўлган, - дея маълум қилди воиз. - Бу ҳодиса Новосибирск шаҳрида ўзбекистонликларнинг ўлими билан боғлиқ иккинчи фожеадир."

Бундан уч хафта аввал ўзбекистонлик аёл Новосибирскда ваҳшийларча ўлдирилган эди. Икки қизи билан шаҳарга ишлашга келган аёл 16 жойидан пичоқланган. Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Ўзбекистонлик ишчилар вафот этган куни Новосибирск вилоятида ҳавонинг ҳарорати кундузи +12, тунда +9 даражада бўлган.

Қурилиш вагонларида яшовчи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан боғлиқ бундай фожеалар Россияда кузатилиб турилади.

Жумладан, ўтган йилнинг март ойида Москва шаҳридаги Качалово бозоридаги вагонда яшовчи 16 нафар ўзбекистонлик йигитларнинг тириклай ёниб кетгани кенг омманинг эътиборига тушган эди.