HRW: ‘Оврўпо Иттифоқи Қирғизистонга босим ўтказсин’

Image caption Азимжон Асқаров жорий пайтда бир умрлик қамоқ жазосини ўтаб келади

Иттифоқ раҳбарлари президент Алмазбек Атамбаевнинг Брюсселга сафари чоғида Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳоллари юзасидан жиддий хавотирларини билдиришлари ва унинг мавжуд вазиятни ўнглашга оид хос ваъдасини қўлга киритишлари лозим.

Қирғизистон раҳбарининг Брюсселга бугунги ташрифи арафасида “Хьюман Райтс Вотч” ва “Фронт Лайн Дефендерс” халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотлари ана шундай баёнот билан чиқишган.

Икковлон Оврўпо Иттифоқини, “янглиш қамалган инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаровни зудлик билан озод этиши учун президент Алмазбек Атамбаевга босим ўтказиш”га ҳам даъват этишган.

Халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотлари, “Қирғизистон раҳбари маҳкама залларидаги зўравонликларга чек қўйиш ва ноҳукумат ташкилотларининг фаолиятларини чекловчи муаммоли қонун лойиҳасини рад этишга ваъда бериши лозим”лигини ҳам урғулашган.

“Асқаровнинг иши уч йил бурун Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлар ортидан кузатилаётган жиддий адолатсизликларнинг яққол тимсоли бўлиши мумкин”, - дейди “Хьюман Райтс Вотч” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Миҳра Ритман.

“Оврўпо Иттифоқи узил-кесиллик билан масъулларга ишни қайта очиб, айбловларни бир четга суриб қўйиб, Асқаровнинг қийноқларга оид даъволарини текширишга давъат этиши учун Атамбаевга босим ўтказиши керак”.

Қирғизистон жанубидан бўлган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ўз фаолияти давомида полиция ходимлари томонидан йўл қўйилаётган номақбул муносабатлар ва қийноқ ҳолларига эътибор қаратиб келган.

“У 2010 йилги миллий низолар билан боғлиқ айбловлар билан ўта сохталаштирилган маҳкама жараёни ортидан ҳозирда бир умрлик қамоқ жазосини ўтаб келади. 62 ёшли Асқаров маҳкама жараёнида ўзининг қийноққа солинганини асослаб берса-да, масъуллар такрорий равишда унинг даъволарини текширишдан бўйин товлашди. Қамоқхонада фаолнинг соғлиғи кескин ёмонлашди”, - дейилади баёнотда.

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Брюсселга икки кунлик сафари чоғида Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон, Оврўпо Парламенти Президенти Жозе Мануэль Бароззо ва Оврўпо Кенгаши раҳбари Ҳерман ван Ромпей каби иттифоқнинг қатор юқори мартабали мулозимлари билан учрашади.

Этник низолар...

Image caption 2010 йил Қирғизистон жанубида ўзбеклар ва қирғизлар орасида келиб чиққан қонли миллий низолар юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлганди

Баёнотда халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотлари эътибор қаратган асосий нуқталардан бири эса, 2010 йилги миллий низолар юзасидан олиб борилаётган тергов ишлари чоғида кенга тарқалган қийноқ ҳоллари ва номақбул муносабатлардир.

“Хьюман Райтс Вотч” ва 2011 йил декабр ойида Қирғизистонга сафар қилган Бирлашган Миллатларнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Хуан Мендез дохил қатор ташкилотлар бу каби зўравонликларни ҳужжатлаштиришган.

Қирғизистонлик масъуллар эса, аксарият ҳолларда қийноқларга оид жиддий ва ишончли даъволарни текширишдан бош тортишган.

Ҳозир 2010 йилги миллий низоларга алоқадор саноқли ишларгина маҳкамаларда кўриб чиқилмоқда. Бироқ, шунда ҳам, маҳкама залларидаги душманона муҳит, ҳимоячилар ва судланувчиларга қарши зўравон ҳужумлар ҳануз тинмаган.

Бу каби муаммолар ва тартиббузарларнинг жазосиз қолаётгани этник зўравонликларга боғлиқ кўплаб маҳкама жараёнларига халақит қилган.

“Қирғизистонлик масъуллар маҳкама залларида юз бераётган бунга ўхшаш ҳужумларга кўз юмишни бас қилишлари, бунинг ўрнига, уларга чек қўйиш ва жавобгарларни жазога тортишлари лозим”, дейилади қўшма баёнотда.

Ҳар икки халқаро инсон ҳуқуқларини сақлаш ташкилотларининг бирдек урғулашларича, қирғизистонлик масъуллар қийноқларга оид ҳар бир ишончли даъво қонунбузарларнинг қилган қилмишларига жавоб беришларига имкон бериши мумкин бўлган даражада мукаммал ва холис ўрганилишини таъминлашлари шарт.