'Бизга боши очиқ, аёл президент керак эмас'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Asiaplus
Image caption Ойнихол Бобоназарова 80-йиллар охирларида Тожикистонда ташкил топган Демократик партиянинг асосчиларидан бири бўлган

Айрим анъанадор вакилларининг айни мазмундаги норозиликларига қарамай, Тожикистон Ислоҳотталаб кучлар ташкилоти бугунги анжуманида фаол Ойнихол Бобоназаровани президентлик сайловларида мухолифат номидан ягона номзод сифатида расман маъқуллаган.

Мухолифатдаги Ислом Уйғониш партияси, Тожикистон Социал-демократлар фирқаси ва мамлакат сиёсий фаолларидан иборат Тожикистон Ислоҳотталаб кучлари инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбобининг номзодини шу ой бошида бўлиб ўтган йиғинида илгари суришганди.

Ташкилотнинг сўнгги анжуманида бўлиб қайтган Душанбедаги ҳамкоримиз Мардон Муҳаммаднинг айтишича, Ойнихол Бобоназарованинг номзоди анчайин зиддиятларга сабаб бўлган.

"Ислом Уйғониш партиясида иккита гуруҳ бор: Реформаторлар ёки ислоҳотчилар, кейин консерваторлар. Анъанадорлар диний уламолар, ёши улуғ инсонлар, Тожикистоннинг жанубий ва шарқий минтақаларини намоён этувчи вакиллар ҳисобланишади. Улар, "Ҳамма нарса Ислом дини доирасида бўлмоғи лозим. Исломда, масалан, аёлларнинг эркакларга ҳукмронлик қилиши тўғри эмас. Нега номзод Бобоназарованинг боши очиқ, деган айбловлар билан чиқиб, биз бу номзодга қаршимиз", деган баҳслар бўлди дейди мухбиримиз.

Унинг айтишича, анъанадор вакиллар, "Ислом Уйғониш партияси бошқарувдаги Халқ-демократик партиясидан кейин Тожикистонда иккинчи йирик, кучли фирқа эканини айтиб, ёки Ҳожи Акбар Тўражонзода, ёки Раҳматуллоҳ Зойиров, ёки Муҳиддин Кабирий бўлажак президентлик сайловларида иштирок этишлари лозимлигини таъкидлашган".

Эслатиб ўтамиз, Тожикистондаги президентлик сайловлари шу йилнинг 6 ноябр кунига режаланган.

Лекин, мухбиримиз Мардон Муҳаммаднинг сўзларидан аён бўлишича, анжуманнинг аксарият вакиллари Ойнихол Бобоназарованинг номзодини қўллаб-қувватлашган.

"Улар ҳозирги шароитда фақат бирор бир партияга аъзо бўлмаган, мустақил бир шахс сайловларда президент Раҳмон билан рақобат қилиши мумкинлиги"ни айтишган.

Анжуманда қатнашган 400 га яқин вакилдан фақат еттитасигина Ойнихол Бобоназарова номзодига қарши овоз беришди, дейди мухбиримиз.

Қолган номзодлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Имомали Раҳмон Тожикистонни 21 йилдан буён бошқариб келади

Бугун съездлари бўлиб ўтган Тожикистондаги саккиз партиядан яна иккитаси - Аграр ва Демократик партия ҳам ўз номзодларини расман тасдиқлашган.

Тожикистон Социалистик ва Социал-демократлар партиясининг шу ҳафта ичида ўз номзодларини маъқуллашлари кутилмоқда.

Келгуси ҳафтада эса, Тожикистон президентлиги учун беллашувчи барча номзодларнинг ким бўлишлари маълум бўлади.

Тожикистонда бошқарувда бўлган Халқ-демократик партияси эса, ҳозирча ўз номзодини илгари сурмаган.

Партиянинг навбатдаги съезди шу йилнинг 4 ва 5 октябр кунларига белгиланган.

Имомали Раҳмон Тожикистонни 21 йилдан буён бошқариб келади.

Аммо, мухбиримизга кўра, шу ой охирида Тожикистон Ёшлар Қўмитасининг съезди режаланган ва унда Имомали Раҳмоннинг номзоди яна бир бор президентликка кўрсатилиши мумкин.

Президент Раҳмоннинг тўнғич ўғли Рустам Раҳмон аввалроқ ушбу қўмитанинг раис ўринбосари этиб ҳам сайланганди.

Ёшлар қўмитаси сиёсий ҳаракат ҳисобланади ва ўз номзодини давлат раҳбари лавозимига таклиф этиши мумкин.

Бунинг қанчалик Тожикистон конституциясига мос келиши борасида жуда кўп баҳслар бор, дейди у.

Тожикистон қонунчилигига мувофиқ, бир киши фақат икки бор президентлик сайловларида иштирок эта олади.

Агар, сайловларда қатнашса, бу - унинг учинчи бор етти йиллик президентлик муддатини англатиши мумкин бўлади, дейди мухбиримиз.

Қолган партиялар нима кутишмоқда?

Image caption Мухбиримизга кўра, Имомали Раҳмоннинг номзоди тўнғич ўғли раиси ўринбосари бўлган Тожикистон Ёшлар Қўмитаси томонидан илгари сурилиши мумкин

Унга кўра, Тожикистондаги қолган партиялар бошқарувдаги Халқ-демократик фирқасининг номзод сифатида президент Имомали Раҳмонни кўрсатишларига деярли ишонишади.

"Негаки, ҳозир Тожикистон оммавий-ахборот воситаларида фақат бир нарса тарғиб этилаяпти: Барча минтақаларда турли хил касбдаги одамлар, "Фақат президент Раҳмон Тожикистонни обод қила олади, агар, у бўлмаса, Роғун ГЭСи бўлмайди, агар, у бўлмаса, Тожикистонда тинчлик бўлмайди", деган чиқишлар қилишаяпти. Бу, энди, шу номзодни кўрсатиш учун замин яратиш ҳисобланади".

Номзодлари партияларининг съездида расман маъқулланган номзодлар эса, энди Тожикистон Марказий Сайлов ҳайъатида қайддан ўтишлари учун 7 октябргача 210.000 та имзо тўплашлари лозим бўлади.

Мухбиримизнинг сўзларидан аён бўлишича, шунда ҳам, "Сайлов ҳайъати йиғилган имзоларни кўриб чиқиб, сохтагарчиликлар йўқ, деган хулосага келгачгина, номзодларни расман рўйхатга олади".

Унга кўра, "Президент Раҳмон расмий тарзда сиёсий партиялар раҳбарларини бўлажак сайловлар тинч ўтишига ҳаракат қилишларига чақирган".

"Бу йилги сайловлар 2006 йилдагисидан жуда фарқ қилади. Кейин халқ ҳам бир шахснинг бошқарувидан безиган. Улар янги киши қудратга келиб, баъзи сиёсий ислоҳотлар бўлиши лозим, деган ўйда. Кичик ва ўрта бизнесга имкониятлар йўқлиги, кейин президент оиласи мамлакатдаги барча йирик бизнесларни ўз қўлига олгани ҳозир одамларнинг ғашига тегаяпти".