Тожикистонда аёлга тегажоқлик қилган мулла табиб ҳибсга олинди

Image caption Мулла ва аёл акс этган видео минтақада кенг тарқалди

Тожикистон матбуотидаги хабарларга кўра, ўз ҳузурига келган аёлга тегажоқлик қилган табиб ҳибсга олинган. Нуфузли уламонинг ўғли экани айтилган Асадулло Иброҳимовнинг дуо ўқиб туриб, аёлни пайпаслагани акс этган видео минтақадаги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганди.

Видеони ким суратга олгани ва интернетга жойлаштиргани номаълум. Унда табибнинг аёлнинг баданини пайпаслаши жинсий тегажоқлик дея баҳоланган.

"Сеҳргар табиб" лақабини олган мулланинг тергов иши келгуси бир неча кун ичида ниҳоясига етиши ва маҳкамага топширилиши айтилади. Азия-плюс хабар агентлигига кўра, жаноб Иброҳимовга қарши Тожикистон Жиноий кодексининг 139-моддасига биноан, "жинсий характерга эга зўравон амаллар" айби билан иш қўзғатилган.

Агар мулла айбдор топилса, у беш йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Радио Озоди билан суҳбатлашган терговчи Баҳриддин Эмомов ишнинг тафсилотларига берилишдан бош тортган. У иш "жинсий алоқа"га боғлиқ бўлгани учун ёпиқ эшиклар ортида ўтишини айтган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги баёнотига кўра, "1966-йилда туғилган Душанбе яшовчиси Иброҳимов Асадулло Ҳалилович 12 августда Рудакий туманида яшовчи 1988-йилда туғилган Раҳимова Зилола Дўстиевнанинг ночор аҳволидан фойдаланиб, ўз уйида унга қарши жинсий характердаги амалларни бажарган".

Вазирликнинг матбуот воизи тожик матбуотига гапира туриб, мулло Иброҳимов аввал ҳам ўз табиблик мавқеидан фойдаланиб аёллар билан интим алоқага кирганини билдирган.

Видеонинг телефонларда ва ижтимоий тармоқларда пайдо бўлиши ортидан омманинг орасида ғазабнок муносабатлар билдирилган. Фикр билдираётганлар табибни илоҳий суралардан фойдаланиб ўз нафсини қондиришда айблаганлар.

Айни дамда Тожикистон Исломий уйғониш партиясининг раиси муовини Сайидумар Ҳусайний мазкур видео уламоларни ёмонотлиқ қилиш мақсадига эга бўлган бўлиши мумкинлигини айтган.