Россия ҳарбий базаси Тожикистонда қолишига оид шартнома ратификация қилинади

Image caption Раҳбарлар битимни қарийб бир йил олдин имзолашганди

Президент Имомали Раҳмон Россия ҳарбий базасини мамлакат ҳудудида 2042 йилгача қолишига оид келишувни тасдиқдан ўтказиш учун парламентга тақдим этган.

Мазкур битим 2012 йил 5 октябрида Президент Владимир Путиннинг Душанбега сафари чоғи имзоланган.

Россия давлат Думаси уни қарийб ярим йил олдин ратификация қилганди.

Тожикистон ва Россия раҳбарлари келишувни изоҳлаб, икки давлат орасидаги ҳарбий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва минтақадаги хавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнашини таъкидлаб ўтишганди.

Россия ҳарбий базасининг Тожикистон ҳудудида туриши эвазига мамлакат армиясини модернизациялаштириш ҳамда қурол-яроғ билан таъминлашга ваъда берган.

Тожикистондаги 201-ҳарбий база Россиянинг хориж ўлкалардаги энг йирик базаси ҳисобланади.

Бу базада 7 мингга яқин ҳарбий хизмат қилади.

Баҳсу мунозаралар

Таҳлилчилар Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиши мамлакат иқтисодий манфаатларига хизмат қилмаслигига урғу беришади.

Чунки, Россия Тожикистондаги ҳарбий базаси учун ҳақ тўламаслик, бунинг устига, ўз ҳарбийлари дахлсизлик мақомига эга бўлишлари борасидаги шартларни қўйган.

Мазкур шартлар эса, қарийб икки йил давомида матбуот ва расмий доираларида баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Олдинига расмий Душанбе Россия ҳарбий базасининг мамлакатда қолиши ўз манфаатларига хизмат қилиши кераклиги ҳақида айтган.

Ва Тожикистон ҳукумати Россиядан 20га яқин талабни ижро этишни сўраган. Тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг Россиядаги вазиятини яхшилаш, Тожикистонга юборилаётган ёқилғи учун божхона тарифларини бекор қилиш ва сармоя киритиш шулар жумласидан эди.

Россия матбуотида Тожикистон ҳукумати базанинг қолиш муддатини фақат 10 йилга чўздиришни истаётгани ва йилига 250 миллион АҚШ доллари талаб қилаётгани ҳақидаги фаразлар ҳам илгари сурилганди.

Душанбедаги мухбиримиз Мардони Муҳаммадга кўра эса, ҳозир парламентга йўлланган шартномада Россия қўйган шартлар сақланиб қолган.

"Аммо, Россия томони келаси йил Афғонистондан НАТО кучларининг чиқиб кетиши минтақа хавфсизлигига салбий таъсир қилиши мумкинлигини айтаркан, Тожикистон хавфсизлигига таҳдид юзага келса ва ҳатто, ички низолар келиб чиққан тақдирда ҳам ҳарбий томондан ёрдам кўрсатилишига ҳам ваъда берган", дейди мухбиримиз.

Бундан ташқари, Россия ўз ҳудудидаги тожик муҳожирлари аҳволи яхшилаш ва уларга бир қатор имтиёзлар бериш борасида ҳам битим имзолаган.

"Шу билан бирга, - дейди мухбиримиз, - Россия Тожикистонга йилига 1 миллион тонналик нефт маҳсулотларини божхона тўловларисиз, ички нархда етказиши борасида ҳам келишувга қўл қўйган".

Нима учун ҳозир?

Тожикистон ҳукумати Россия билан имзоланган шартномани ратификация қилиш борасидаги қарорини парламент фаолияти октябр ойидан қайта бошланиши муносабати билан изоҳлаган.

Аммо, кузатувчилар ва таҳлилчилар мазкур қадам Тожикистон президентлик сайловлари олди қўйилаётганига эътибор қаратишган ва шу йўл билан Имомали Раҳмон Россия дастагини қўлга киритишга уринаётганини айтишган.

"Маълумки, Тожикистонда Россиянинг таъсири жуда кучли. 1 миллиондан ортиқ тожик муҳожирлари Россияда ишлаб келишади. Шу боис, шарҳловчиларга кўра, агар Россия қарши бўлса, Имомали Раҳмоннинг президентлик сайловларида ғалаба қозониши мушкулроқ кечиши мумкин", дейди Душанбедаги мухбиримиз.

Бу мавзуда батафсилроқ