Қозоғистон ўзининг инсон ҳуқуқлари ҳисоботини эълон қилди

Қозоғистонда 2012 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига қийноқлардан шикоят қилиб 360 фуқаро мурожаат қилган.

Бу ҳақда Қозоғистонда "Қозоғистон Республикасида инсон ҳуқуқларига доир вазият ҳақида" деб номланган ҳисоботда айтилади.

Қозоғистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиядан маълум қилишларича, фуқароларнинг қийноқлар юзасидан қилган мурожаатлари асосида 25 та жиноят иши қўзғатилган.

Бироқ бу жиноят ишларининг атиги еттитаси маҳкамаларгача етиб борган.

Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлигига Қозоғистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиядан билдиришларича, улар мамлакатда мустақил тиббий экспертиза институтини жорий қилиш тавсияси билан чиққанлар.

Бу нарса "қийноқ излари мавжудлигини исботлайдиган далилларни йиғиш" имкониятини юзага келтиради.

Кўп ҳолларда инсонга шафқатсиз муомала қилиш ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан содир этилади.

Бунда муайян шахсдан ҳуқуқ-тартибот органлари истаган шаклдаги кўрсатма ва иқрорни қўлга киритиш мақсади кўзланади.

Ва кўпинча гумондор ёки айбланувчи маҳкамада ўзининг айбни бўйинга олиш ҳақидаги иқрори ёки кимнингдир жиноят содир этгани ҳақидаги гувоҳлиги дастлабки тергов пайтида қийноқ ёки бошқа ноинсоний босимлар остида берилганини тан олади.

Инсон ҳақларининг бу шаклда поймол этилиши Марказий Осиёнинг бошқа республикаларида бўлгани сингари Қозоғистонда ҳам кўп содир этилади.

Бироқ қийноқлардан шикоят қилган инсонлар ва уларнинг яқинларига ўша ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан босимлар ўтказилган.

Шунинг учун ҳам Инсон ҳуқуқлари комиссияси ҳисоботида айтилганидек қўзғатилган жиноят ишларининг ҳаммаси ҳам маҳкамагача етиб бормаган.

Бироқ маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари фикрича, Қозоғистондаги инсон ҳақлари вазиятга бағишланган махсус ҳисобот эълон қилинганининг ўзи ижобий ҳолат.

Бу мамлакат раҳбариятида инсон ҳақлари поймол этилишини буткул бартараф этиб бўлмаса-да, бундай ҳолатни эътироф этиш учун ўзида сиёсий ирода топа олганининг далолатидир.

Шу йил ҳисоботни тайёрлаш учун Қозоғистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси қатор мажлислар ташкил қилди.

Май ойидаги мажлисда Қозоғистон Ички ишлар вазирининг бу тизимда инсонларнинг ҳуқуқлари қандай таъминланаётгани талаб қилинган ҳисоботи тингланди.

Қозоғистонда қийноқлар инсонларнинг ўлимига олиб келгани ҳақида яқинда Би-би-си мухбири туркум лавҳалар тайёрлаган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ