Ҳолланд сайёҳлари: Тожикистон Ўзбекистон эмас...

  • 24 Сентябр 2013
Марказий Осиёнинг кўҳна шаҳарларидан бири Хўжанд бугун Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри
Image caption Марказий Осиёнинг кўҳна шаҳарларидан бири Хўжанд бугун Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри

Сёрд Клумпенар (Sjoerd Klumpenaar) 23 ёшда, у 2011 йилда Амстердам университетида журнализм соҳасида сабоқ чиқарди. Асосан мултимедия журналисти ўлароқ халқаро воқеалар, тарих ва сиёсатга қизиқади. Сёрд Дания, Гана, Бельгия ва Қатарда бўлиб қатор мақолалар ёзган. Нидерландия радио-телевизион ширкатининг Ню-Йоркдаги бюросида касб амалиётини ўтаган. Шу йил ёзида Menjatj лойиҳаси билан Марказий Осиё мамлакатларига сафар қилган. Ҳолланд журналистининг Тожикистон ҳақидаги илк ҳикояси

Тожикистонга хуш келибсиз!

Тожикистонликларнинг меҳмондўстлиги чегара нуқтасидаёқ зоҳир бўлди.

Чегарачилардан бири баланд овозда, хушчақчақлик билан ўз ватанига таклиф қилар, дарров қаерлардандир муздек пиво ва узум келтириб қўлимизга тутқазарди.

У пишлоқсимон, аммо қаттиқ ва думалроқ қурут аталмиш ажойиб неъматларни тортиқ қилди. Қурутни Марказий Осиёда яхши кўрмайдиганлар топилмаса керак...

Кейин эса, автобус ҳайдовчиси пайдо бўлди ва таксилар турадиган жойга қадар бепулга бизни етказиб қўйишини айтди.

Чунки, бизда уларга берадиган Тожикистон пули сомоний йўқ эди. Ростакамига, Тожикистонга хуш келдик!

Image caption Сирдарё иккига бўлиб ўтган Хўжандга кириб келдик

Йўлимиз Хўжанд томон эди. Марказий Осиёнинг кўҳна шаҳарларидан бири бугун Тожикистоннинг иккинчи йирик шаҳри...Йўл бўйи узумзору, ўрикзорлар ва яшил далалар оша, Қайроққумдаги гўзал сув омборини томоша қилдик ва ниҳоят Сирдарё иккига бўлиб ўтган Хўжандга кириб келдик.

Йўл бўйи узоқларда чўққиларидан қори эримаган тоғларни кўрдик.

Кўҳна ва навқирон Хўжанд

Хўжанд аҳолиси икки юз минг атрофида эканини айтишди. Енгил машиналарнинг ранг-баранглиги ва кўплиги билан Шарқий Оврўподаги шаҳарларни эслатади.

Шаҳар аҳли жуда меҳмондўст. Бизни шаҳарликларнинг бири меҳмонга таклиф қилди.

Дастурхон ноз неъматларга тўла ва яна хонадонга кирганларнинг бари совға кўтариб кирарди.

"Бизни эслаб юрасиз, Ҳолландияда..." деб жилмайишарди. Кунлардан бири йўлимиз масжидга тушди.

Марказий Осиёдаги масжидларга хос гўзал ва салобатли масжидлардан бирида ибодатга келган ўспирин қўлимга дўппи тутқазди: "Бу ҳадя, бир кун келиб албатта мусулмон бўласиз, ИншоОллоҳ!" деди у.

Тожикистон...Ўзбекистон эмас...

Ўзбекистондагилар анчайин ёпиқ ва эҳтиёткор ҳаёт кечиришар экан.

Чегаранинг бу томонида эса мутлақо бошқача манзара ҳукмрон эди. Хўжанд кўчаларидаги замонавий чет эл машиналари ва ажабтовур ранг- баранглик, Тошкент кўчаларидаги маҳаллий ишлаб чиқарилган Daewoo/Chevrolet ширкатининг монополия маҳсулотларидан тубдан фарқ намоён этарди.

Аслида, Тожикистонда ҳам авторитар тузум аломатлари талайгина. Президент Имомали Раҳмоннинг катта-кичик суратлари кўчалар ва биноларни тўлдирган. Аммо тожикистонликлар сиёсат билан ишлари йўқдай, танқидга келсак, улар ўзбекистонлик қўшнилари каби сиёсат ва ҳукумат ҳақида гапиришдан қўрқишмас эди.

Ўз бошидан беш йиллик фуқаролар урушини кечирган мамлакат эканини назарда тутсак, тожикистонликлар қўшниларига нисбатан анчайин озод ва эркин халқ ўлароқ таассурот қолдиради.

Гарчанд, Имомали Раҳмон ҳақида фикрлар турфа хил бўлса ҳам кўпчилик уни мамлакатга тинчлик келтирган арбоб ўлароқ танийди. Аммо, биз билан ҳамсуҳбат бўлганларнинг бирон нафари ҳам ҳукуматни у ёки бу масалада очиқчасига танқид қилишдан ва ё ҳатто сўкишдан ҳам тортинмайди.

Тожикистон дунёдаги энг қашшоқ саналган давлатлар қирқлигидан ўрин олган. Мамлакат ишчи кучининг аксарияти ишсизлик туфайли Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетган.Бу каби ҳолатни Ўзбекистонда ҳам кузатдик...

Қаҳвахоналарнинг бирида биз 27 ёшли Мансур деган йигитни учратдик.

"Аксарият Имомали Раҳмоннинг кимлигини яхши билади...У ўз дўстлари ва оила аъзолари билан деярли барча лавозимларни, фойда келтирадиган ширкатларни эгаллаб олмоқда. У коррупцияга қарши курашмаяпти", дейди у.

Аммо, ҳатто Мансур ҳам жаноб Раҳмон бугун Тожикистон учун энг мақбул раҳбар эканини айтади.

"Одамлар бошқа бир одамни президентликка сайлашни исташмайди ҳозир, кўпчилик истамайди...Чунки, Президент Раҳмон даврида тинчлик келди. Тинчлик исташади одамлар..."

Ўша куни кечқурун бир неча ёш йигитлар билан ҳам суҳбат қилдик. Сўраганимиз мамлакатдаги сиёсий вазият ҳақида эди...

Image caption Бу йигитча бир кун келиб Тожикистон президенти бўлиш ниятида эканини айтди

Улардан бири қизишиб: " Марказий Осиё давлатлари дунёда энг ёш давлатлардан эмасми? Биз порахўрликдан ҳоли ва Ғарбона демократик давлат қуришимиз учун вақт керак...Бир кечада демократик давлатга айланиб бўлмайди", деди.

"Ҳолландия ва ё Буюк Британия бугунги демократияга эришишларига қанча йил кетди", деб сўради.

Йигитча бир кун келиб Тожикистон президенти бўлишини айтди.

"Ўшанда мен қасамёд қилиш маросимига сизни ҳам таклиф қиламан", деди у жилмайиб.

Бу мавзуда батафсилроқ