Олма ота шаҳри марказида отишма рўй берган

Image caption Олма ота шаҳри марказида отишма рўй берган.

Олма ота шаҳри марказида отишма рўй берган. Кундузги соат 9:30 бўлиб ўтган ҳодисада бир киши ўлган ва яна бир киши жароҳатланган. Ҳужум катта миқдорда пул олиб кетаётган ширкат ходимларига нисбатан содир этилган. Полиция шаҳарда “қўлга олиш” режасини жорий қилган.

Олма ота шаҳар Ички ишлар департаменти берган хабарга кўра, ҳужум авиа ва темир йўл чипталари савдоси билан шуғулланувчи Travel Express ходимларига нисбатан уюштирилган.

Гувоҳларнинг сўзига кўра 5-6 марта ўқ овози янграган.

“Отишма бўлди. Ҳужум қилувчилар пистолетдан отди. Жабрланувчиларнинг ҳам қуроли бор эди. Уларнинг биттаси дарҳол қулади, иккинчиси жароҳат олди ва ҳужумчиларга қарата отди. Теккан тегмаганини билмайман. “Туран” университетидан чиққан иккита соқчи ҳужум қилувчиларнинг ортидан югуриб кетди. Ҳужум қилувчилар уйларнинг орасига қараб қочди”, - дейди ҳодисани юқори қаватдан кузатиб турган гувоҳ .

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумчилар ширкат ходимлари олиб кетаётган пулни қўлга киритиш мақсадида ҳужум қилган бўлиши мумкин.

Полиция қанча пул ўғирлангани ва қандай қуролдан ўқ узилганини аниқлаш ишлари давом этаётганини билдирган.

Шаҳарда “қўлга олиш” режаси жорий қилинган. Амалиётга департаментнинг барча ички таркиби жалб қилинган.

Олма отадан инкассаторларга ҳужум қилиш ва оқибати ўлим билан якунланиш ҳоллари олдин ҳам содир бўлган.