Тожикистон: мухолиф сиёсатчига янги айбловлар илгари сурилган

Image caption Маҳкамада Зайд Саидов ўзига нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этган.

Шу йил бошида Тожикистонда "Янги Тожикистон" деб номланган янги партия тузиш ташаббуси билан чиққан ва устидан жиноят иши қўзғатилиб, сентябр ойида маҳкамаси бошланган Зайд Саидовни Тожикистон Жиноят Кодексининг яна учта янги моддаси бўйича айбламоқдалар.

Дастлаб бизнесмен Зайд Саидовни кўпхотинлилик ва солиқлардан бўйин товлашда айблашган эди.

54 ёшли жаноб Саидовнинг хотини ва 10 фарзанди борлиги айтилади.

Тожикистон қонунчилиги бўйича икки ва ундан ортиқ маротаба уйланган эркак Жиноят Кодексининг 170-бандига биноан жазоланади.

Қонунга кўра, улар жаримага тортилиши ёки озодликдан маҳрум этилиши ҳам мумкин.

12 сентябр куни Душанбе шаҳрида Зайд Саидов устидан маҳкама бошланди.

Унга Тожикистон Жиноят Кодексининг саккиз банди бўйича айблов қўйилгани маълум бўлди.

Булар йирик миқдорда пора олиш, мансаб ваколатини суистеъмол қилиш, фирибгарлик, товламачилик ва кўп хотинлилик ва бошқалар.

Маҳкамада Зайд Саидов ўзига нисбатан илгари сурилган барча айбловларни рад этган.

Маҳкамада эълон қилинишича, Зайд Саидов жинсий зўравонлик ва ноқонуний озодликдан маҳрум этиш каби янги бандлар бўйича ҳам айбланмоқда.

Тергов ҳужжатларига кўра, Зайд Саидов ҳали вояга етмаган, яъни 12 ёшли қизни жинсий зўрлаган.

Би-би-си мухбирлари хабар қилишича, бу борадаги бошқа тафсилот эълон қилинаётгани йўқ.

Фақат 12 ёшли қизнинг Россия фуқароси экани ва "жиноят содир этилган пайтда" Тожикистонга қариндошларини кўриш учун келгани айтилган.

Зайд Саидовнинг адвокати Би-би-си билан суҳбатда янги айбловларни мантиқсизлик деб атаган.

Адвокатга кўра, тергов идораларининг қўлида Зайд Саидовга қарши илгари сураётган бандларининг бирортаси бўйича ҳам исботлари йўқ.

Кўпчилик таҳлилчилар Тожикистонда таниқли бўлган ва муваффақиятли бизнесмен ҳисобланган Зайд Саидовнинг муаммолари унинг сиёсий партия ташкил қилиш ҳақидаги баёнотидан кейин бошланганига эътибор қаратадилар.

Унинг "Янги Тожикистон" партиясини барпо этаётгани борасида эълон қилиниши ортидан Саидов жаноблари ва бошқа ташкилотчиларга нисбатан босимлар кучайган.

Зайд Саидов ва бошқа мухолифат вакилларига босимларни мухолифат вакиллари ва таҳлилчилар ноябр ойига мўлжалланган президентлик сайлови олдидан қилинаётган сиёсий босимлар сифатида изоҳлашган.

Зайд Саидов журналистлар билан суҳбати чоғи президентликка номзодини қўйиш нияти йўқлиги ва янги партияси 2015 йилги парламент сайловларида иштирок этишни режалаётганини бир неча бор таъкидлаган.

"Лекин, агар Зайд Саидов президентликка номзодини қўйса, жорий раҳбар Имомали Раҳмонга асосий рақибларидан бири бўлиши мумкин", деб айтган Би-би-си мухбири.

Бу мавзуда батафсилроқ