Тожик мухолифати раҳбари ҳибсдан озод қилинди

Image caption Умарали Қувватов ўтган йилнинг декабрида қўлга олинганди

Бирлашган Араб Амирликлари Тожикистон мухолифатидаги "Группа - 24" гуруҳи раҳбари Умарали Қувватовни қўйиб юборишга қарор қилган.

Умарали Қувватовнинг қўйиб юборилгани ҳақида унинг ҳимоячиси ва тожик мухолифати вакиллари хабар қилишган.

"У менга 3 кун олдин қўнғироқ қилди. Шу кунлар қўйиб юборилиши мумкинлиги ва кетадиган мамлакатини танлаши кераклиги ҳақида айтишганини билдирди. Бугун эса, у ниҳоят озодликда эканини маълум қилди", дейди тожик мухолифати раҳбарларидан бири Додожон Атовуллоев.

Додожон Атовуллоевнинг Би-би-сига айтишича, Бирлашган Араб Амирлигининг Умарали Қувватовни қўйиб юбориш ҳақидаги қарори "Ғарб давлатлари, жумладан, Оврўпо мамлакатлари босими остида олинган" бўлиши мумкин.

Умарали Қувватов Интерпол тарафидан ўтган йил декабр ойида Дубайда Москвадан Брюсселга кетаётган пайти Тожикистоннинг сўрови билан ҳибсга олинганди.

"Амнести интернэйшнл" ташкилоти мухолифат лидери экстрадиция қилинса, қийноққа юз тутиши мумкинлигидан огоҳлантириб ҳам чиққанди.

Айбловлар

Тожик ҳукумати бизнесмен ва Президент Раҳмон тузумининг ашаддий танқидчиси Умарали Қувватовни фирибгарликда айблайди.

У Тожикистонда пайти ўзи раҳбарлик қилган ширкатга тегишли 6 миллион доллар маблағни ўзлаштиргани даъво қилинади.

Яқинларига кўра, 43 ёшли Умарали Қувватов Тожикистонда "Фароз" номли ширкатга раҳбарлик қилган.

Афғонистонга ёнилғи етказиш билан шуғулланган мазкур ширкат Имомали Раҳмон куёвларидан бири билан ҳамкорлик қилган.

Умарали Қувватов эса, ўзига қарши айбловлар сиёсий важларга асосланганини таъкидлаган ва айнан шу иш ҳамкорининг босими остида ватанни тарк этишга мажбур бўлганини айтган.

Ҳибсга олингунига қадар жаноб Қувватов Москвада истиқомат қилиб келган.

Чиқиб кетиш учун 3 кун муҳлат

Додожон Атовуллоевнинг Би-би-сига маълум қилишича, энди Умарали Қувватовга кейинги манзилини танлаши ва учиб кетиши учун 3 кун муҳлат берилган.

"Шубҳасиз, у визасиз кириши мумкин бўлган мамлакатни танлаши лозим бўлади. Мен Умарали Қувватовга ҳар қандай ҳолатда ҳам МДҲ, собиқ Шўро давлатларига бормасликни маслаҳат бердим. Чунки, у ерда Умарали қайтадан қўлга олиниши ва Тожикистонга бериб юборилиши мумкин. Ҳозирча хавфсизлик нуқтаи назаридан у учиб кетиши мумкин бўлган мамлакатни айта олмайман", дейди у.

Жаноб Атовуллоевнинг айтишича, Умарали Қувватов муайян давлатга чиққанидан сўнг БМТ Қочқинлар бўйича комиссарлигига бошпана сўраб мурожаат қилишни режаламоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ