Москвада меҳнат муҳожирлари ётоқхонасида муштлашув бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Меҳнат муҳожирларини нафақат ҳуқуқ тартибот ходимлари, балки рус миллатчи ёшлари ҳам хоҳлаганча текшира бошлаган.

Россия ахборот агентликларига кўра, шанбага ўтар кечаси Москванинг Капотня туманида бир гуруҳ ғазабланган одамлар Марказий Осиёдан борган меҳнат муҳожирлари ётоқхонасига бостириб киришган.

Хабарларда уларнинг сони 40 дан 200 тагача экани ёзилмоқда.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, қўлларида арматура бўлаклари бўлган оломон ётоқхонани ўраб олиб, "Биз ўч оламиз!" деб қичқиришган. Кўзлари тушган муҳожирларни ура кетишган.

Шунингдек, улар юзларига ниқоб кийиб олишган ва русларга тегмасликларини айтишган.

Маҳаллий миллат вакиллари эса, рус болалар муҳожирларнинг ҳужжатларини текширгани келгани, фаррош йигитлар уларга пичоқ билан отилишганини гапириб берган полицияга.

Зўравонликлар туширилган видеони Youtube тармоғидан ҳам кўриш мумкин. Видео лавҳаларда қўлларида узун темирлар бўлган ёш йигитлар ғазаб билан ётоқхонадаги эшикларни тепаётгани, сўкинаётгани, эшикни очишни талаб қилаётгани кўринади.

Шунингдек, икки ўртада ўқ отилгани, одамлар ваҳимада кўчага отилиб чиққани акс этган. Бир қиз яраланган дейилмоқда.

Воқеа жойига полиция келгани , ҳодиса тафсилотларини суриштириб, ўнлаб меҳнат муҳожирларини полиция бўлимига олиб кетгани хабар қилинади.

Кейинров "Щит Москвы" ҳаракати ўз аъзолари бу текширувни ўтказганини ёзган.

Воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирларига нисбатан бундай ҳаракатлар содир бўлиши одатий воқеага айланиб бормоқда ва бу шафқатсиз муносабат жуда хавотирлидир.

Вокзал, метро ва бозорларда ўзини тартиб ўрнатувчи "кўнгиллилар" деб атаётган рус ёшлари меҳнат муҳожирларидан ҳужжат сўраши ва қўполлик қилиши ҳақида тез-тез айтилмоқда.

"Бунга улар олиб бораётган зўравонликлар аксарият ҳолларда жавобсиз қолаётгани сабаб бўлмоқда. Полиция қўлига тушган миллатчи ёшлар эса яна ҳеч бир жазосиз қўйиб юборилаётгани уларни илҳомлантирмоқда".