Россия: "Ноқонуний муҳожирлар болаларини мактабда ўқитмасин!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Россия депутатларига кўра, муҳожирлар мамлакатга солиқ тўлаётганларини кўрсатишлари керак.

"Единая Россия" партияси депутатлари ноқонуний меҳнат муҳожирларининг болаларини боғча ва мактабга қабул қилмасликни таклиф қилмоқда.

Улар ишлаб чиққан қонун лойиҳасига кўра, Россияга мамлакат фуқаролари қатори солиқ тўламайдиган муҳожирлар ўз болаларини бепул ўқитиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Давлат Думаси депутати Алесей Журавлёвнинг айтишича, Россия мактаб ва боғчаларини мамлакатда қонуний иш ҳақи топмайдиган меҳнат муҳожирларидан ҳимоя қилиш керак. Яъни, улар аввало Россияга солиқ тўлаб бораётганларини исбот қилишлари лозим.

Унинг таъкидлашича, шу йўл билан россиялик болалар учун мактабларда жой ажратилади ва боғчалардаги ўринларга навбат камаяди.

"Меҳнат муҳожирлари россияликларнинг ўрнини эгаллаётган экан, марҳамат қилиб етарли солиқни ҳам тўлаб қўйсин. 8 минг рубл маош тўланадиган фаррошлик учун ҳеч қандай ҳужжатларсиз келган киши оиласидан яна 10 кишини етаклаб келиши ғалати. Шундай экан бошқалардан кўра, муҳожирлар кўпроқ ижтимоий таъминотдан фойдаланишади", -дейди жаноб Журавлев.

Россиянинг қонунларига мувофиқ, мамлакатда яшашга вақтинчалик рухсатномаси бўлган муҳожирлар болаларини мактаб ва боғчага қўя оладилар.

Бироқ Россия мактабларида тил ва маданият ҳар хиллиги муаммоси билан бирга, муҳожирларнинг турли жойга кўчишлари ҳам мураккабликларни уйғотади.

Россияда такси ҳайдовчиси бўлган ўзбекистонликнинг айтишича, уч йил олдин оиласини олиб келган. Навбатнинг кўплиги туфайли боласини боғчага қўйиш имконияти бўлмаган. Мактаб ёшига етган фарзанди учун жой берилмагани сабабли оиласини Ўзбекистонга қайтариб юборишга мажбур бўлган.

"Мен келган пайтларда муҳожирларга муносабат яхшироқ эди. Шунинг учун оиламни олиб келиб, болаларим рус тилини яхшироқ ўрганишини хоҳлагандим. Лекин боғчага ҳам, мактабга ҳам қўйишни иложи бўлмади. Ҳатто домларнинг олдида ҳам муҳожирларнинг болалари ўйнашларига доим ҳам рўйхушлик бераверишмайди. Муҳожирнинг боласи ўзига ўхшаган билан ўйнайди. Ҳозир айниқса аҳвол қийин бўлиб қолди", дейди Россиядаги ўзбек муҳожири.

Россияда ишлаб қайтган бошқа ўзбекистонликка кўра, янги қонуннинг ажабланадиган жойи йўқ. "Мен бошқа мамлакатларга ҳам бориб келганман. Масалан Кореяда визасининг муддатига қараб мактабга олади. Россия билан виза йўқлиги эса муҳожирларнинг тўлиб кетишига сабаб бўлди ва улар энди норози бўла бошлашди. Лекин бу манимча табиий талаб", деб айтади у.

Москвада қурилишда ишлайдиган муҳожир: "Одамлар иш йўқлигидан Россияга келган бўлса, емай-ичмай пул йиғсаю қандай қилиб россияликлар қатори солиқ тўлайди?. Масалан, ижтимоий имтиёзлардан ҳамма ҳам фойдаланмайди. Мен билган оиласини олиб келганларнинг кўпи қонуний. Мактаблар, боғчаларга муҳожирларни яқинлаштирмаслик эса миллатчилик қилаётганларнинг иши, деб ўйлайман".

Думага таклиф қилинаётган янги "Маориф ҳақида" қонун лойиҳасига асосан, меҳнат муҳожири Федерал солиқ хизматидан солиқ тўлаётгани борасида қоғоз олиб келиши шарт.

"Бизга малакали ва қонуний ишчи кучи керак. Агар муҳожир Россияга бир йилга келадиган бўлса, демак унда бир йиллик шартнома, аниқ турар жой бўлишига ишонч ҳосил қилишимиз лозим. У Россияга солиқ тўласин ва болаларини бупул ўқитсин, деб тушунтирмоқда Дума депутатлари қонундан кўзда тутган мақсадларини.

Расмий ҳисобларда келтирилишича, айни пайтда Россияда 11 миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири мавжуд.

Уларнинг катта қисми Марказий Осиёдан борган фуқаролар экани айтилади.