Ҳюман Райтс Уотч: 'Сочидаги мигрантларни қувиб солмоқдалар'

Муҳожирлар
Image caption Россиядаги меҳнат муҳожирлари...(суратнинг Сочидаги ҳодисаларга алоқаси йўқ)

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти янги ҳисоботида ана шундай дейилади.

Ҳисоботга кўра, Сочи Қишки олимпиадаси биноларини қуришда иштирок этган муҳожирларга ов бошланган, муҳожирлар қурилиш объектларида, жамоат траснпортларида ва яшаётган уйларида қўлга олинмоқдалар, гўё муҳожирлик қонунларини бузиш айбловлари билан маҳкамага тортилиб, ватанларига бадарға қилинмоқдалар.

Ҳуқуқлари топталаётган муҳожирлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Украина, Молдова ва бошқа мамлакатларнинг фуқаролари бор.

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида россиялик инсон ҳақлари фаоли Александр Попков тасвирга олган видеога линк ҳам бор.

Фаолларга кўра, 50 тача инсон жой етишмаганидан полиция идорасининг темир гаражида сақланган.

Биз ушбу видеони тасвирга олган фаол Александр Попковдан Сочида шу кунларда нималар бўлаётгани ҳақида сўрадим.

Александр Попков: Бу видеони мен ноқонуний ҳибсга олинганлар билан учрашишга ҳаракат қила-қила, иккинчи марта полиция гаражига ўта олган пайтимизда олганман. Бир неча кун олдин бизга Россияда қонуний яшаб ишлаётган, бироқ шунга қарамасдан қўлга олинган кишларнинг қариндошлари мурожаат қилиб, ҳуқуқий ёрдам кўрсатишимизни илтимос қилди. Қўлга олинганлар орасида Ўзбекистон, Молдова ва Россия фуқаролари бор эди. Бизга бир неча кун давомида биз қидирган одамлар билан учрашишимизга изн беришмади. Ва ниҳоят биз 50 тача одамни изоляторда эмас, умуман шароит бўлмаган жойларда сақлаётганларини кўрдик. Бу кишилар 3-4 кунлаб бу ерда ушлаб турилганларини айтдилар. Улар расмийлаштирилмаганлар, ҳеч кимга овқат берилмаган, ёнида пуллари борлар, милиция идорасининг буфетидан егул ик олиб ейишган. Ҳеч кимга айтишмаган, нима учун ушлаб туришипти. Қандай айблов қўйишаяпти? Яна қанча вақт ушлаб туришади? Кейин биз полициядан одамлар билан учраштиришни талаб қилганимизда, "полиция бўлимида бундай одамлар йўқ", деб айтишди.

Би-би-си: Сочидаги олимпиада иншоотларида ишлаган муҳожирлар ушланиб, ватанларига мажбуран жўнатилаётганлари ҳақида сентябр ойи ўрталаридан хабарлар тарқалмоқда. Шу вақтгача қанча одам ушлангани ҳақидаги рақамни тахминан айтиш мумкинми?

Александр Попков: Биз қанча одам бўлганини билмаймиз. Ҳозир бу ерда конвейер йўлга қўйилган. Ўнлаб кишиларни олиб келишаяпти ва олиб кетишаяпти. Маҳкамалар ҳам конвейер усулида ишлашга ўтган. Ҳакамлар ҳайъати матбуот хизмати бир кечада 102 чет эллик ноқонуний муҳожир чиқариб юборилгани ҳақида хабар берди. Мен шуни қўшимча қилишим керакки, чиқариб юборилганларнинг ҳаммаси ҳам ноқонуний бўлмаган. Ҳамма ҳужжатлари қонуний бўлган хориж фуқароларини ҳам мажбуран чиқариб юборишаяпти. Уларнинг кўпчилигида патенти бўлган, ҳар ой взнос тўловларини тўлаб келган. Бундай қонун бузилиши ҳоллари, бошбошдоқликлар жуда кўп содир этилаяпти.

Би-би-си: Олимпиада объектлари қурилишида ишлаганлар ҳеч бўлмаганда уйига кетишдан олдин ўзлари ишлаб топган пулларини ола олаяптиларми?

Александр Попков: Йўқ, уларга пулларини беришгани йўқ. Уларни алдашган. Муҳожирларни ушлаган жойидан тутиб, полицияга, кейин маҳкамага, у ердан эса мажбуран жўнатиб юборишаяпти. Албатта, бу иш берувчига фойда. Бу одамларни қурилишда ишлатганлар уларга 3-4 ойлаб маошларини тўламаган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари бундай ноқонуний амалларни кўриб кўрмаганликка олиб келдилар. Биз бу ҳақда кўплаб идора-ташкилотларга шикоятлар ёздик, "Олимпстрой" ташкилотига мурожаат қилдик. Бу мурожаатларимизга ҳеч қандай жавоб бўлмади. Табиийки, энди Тошкентга бориб қолган ва ҳужжатида Россиядан мажбуран чиқариб юборилгани қадй қилинган одам ўзининг бир неча ойлик маошини келиб талаб қила олмайди.

Хўш, Сочини мигрантлардан тозалаш амалиётлари нима учун ўтказилмоқда? Чунки айрим хабарларга кўра, ҳали Сочи Қишки олимпиадаси барча иншоотлари ҳам қуриб битказилмаган. Биз ушбу саволни сочилик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Семён Семёновга бердик:

Семён Семёнов: Гап шундаки, олимпия ўйинлари учун лойиҳаларни қуриш бошланган пайт уларда ишлаш учун чекланмаган сондаги меҳнат муҳожирлари жалб қилинган. Уларнинг аксари Ўзбекистондан. Муҳожирлари кўпи меҳнат битими имзоланмаган. Мана энди лойиҳалар ниҳоясига етиш босқичида муҳожирлардан қутилишга ҳаракат қилинмоқда. Бунга эса, баҳона сифатида уларнинг ҳужжатлари йўқлиги пеш қилинади. Яъни, қурилиш давоми этаётган пайт улардан қандай қонун асосида ишлаётганлари ва ё ишлашга рухсатлари борми, иш берувчилари керакли ҳужжатлар билан таъминлашганми-йўқми, ҳеч ким текширмаган. Энди эса, расмийлар учун бу нарсалар бирданига муҳим бўлиб қолди. Бундан меҳнат шартномалари бор йўқлигидан қатъий назар одамларни аввалига истаганларича ишлатиб, эксплуатация қилиб, энди ҳужжатларни баҳона қилиб, уларга ваъда берилган пулларни тўлмасликка уринилмоқда. Расмийлар Сочидаги олимпиада лойиҳаларини қуришда 15-16 минг меҳнат муҳожири жалб этилганини айтишади. Лекин, улардан кўплари расмий рўйхатдан ўтмай ишлагани учун Сочида ишлаган меҳнат муҳожирлари сони 40-50 минг атрофида дея тахмин қилишимиз мумкин.