Путин: Савдо соҳасида муҳожирлар меҳнатига ҳожат йўқ

Image caption Маҳаллий аҳоли орасида савдода ишлайдиган одамлар етарлича топилади, дейди Путин жаноблари.

Россия Президенти меҳнат муҳожирлари ишлайдиган соҳаларни қисқартириш мумкинлигини таклиф қилмоқда.

"Единая Россия" аъзолари билан бўлган учрашувда жаноб Путин Бош вазир Дмитрий Медведьевдан қайси соҳаларда маҳаллий аҳоли меҳнат муҳожирларининг ўринларини эгаллаши мумкин, деб сўраган.

Унга жавобан савдо соҳасида шундай имкон мавжудлиги, лекин меҳнат шароитлари оғир қурилиш ва иқтисоднинг бошқа соҳаларида буни ечиш мушкуллигини айтган Медведьев.

"Нима савдо соҳасида ишлашни хоҳлайдиган россияликлар йўқми? Етарлича топилади", дейди Путин йиғилганларга қарата.

Меҳнат муҳожирларига қўйиладиган талабларни кучайтириш ҳақида гапирар экан, "Депутатлар билан бу ҳақда кўриб чиқиш лозим. Қонунчиликни кучайтириш керакми? Керак! Миграция қонунларини бир неча марта бузганлар жиноий жавобгарликка тортилиши ҳозир кўриб чиқилмоқда", дейди Путин жаноблари.

Владимир Путин шунингдек, миграция тизимини тартибга солишни ҳамма йўналишда, муҳожирларнинг яшаш ва ишлаш жойларида олиб бориш кераклигини, порахўрликка қарши курашиш лозимлигини таъкидлаган.

"Ҳуқуқ тартибот идоралари бошқаларнинг пулини олишга ўрганмасдан, тўғри ишласинлар", дейди у.

Меҳнат муҳожирлари деганда жиноятчилар деб қараш ҳам нотўғрилигини қайд этади Россия президенти.

"Тартибли, қонунга риоя қилувчи одамлар бор, жиноятчилар бор. Бу уларнинг дини ва миллатига боғлиқ эмас. Агар одамлар маҳаллий аҳоли ишламайдиган соҳаларда ишлашни истаб келар экан, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш керак, уларга тартиб ва анъаналарни тушунтириш лозим, бунга амал қилмас экан, уларга қонун доирасида чора кўрилади", деб айтган Путин жаноблари.

Россия Президентининг меҳнат муҳожирлари ҳақида чиқиши Сочида ўнлаб марказий осиёлик мардикорларнинг қувиб чиқарилиши билан бир вақтга тўғри келмоқда.

Халқаро инсон ҳақлари фаоллари Россияда муҳожирлар ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганини танқид қилиб, ҳукуматни уларга нисбатан адолатли қарор чиқаришга чақирди.

Бу мавзуда батафсилроқ