Имомали Раҳмон номзоди президентликка расман илгари сурилди

Image caption Имомали Раҳмон Ислом Каримов каби 20 йилдан ортиқ вақтдан буён президент ҳисобланади.

Халқ Демократик партиясининг съездида Тожикистонни қарийб 20 йилдан буён бошқариб келаётган Имомали Раҳмон ноябр ойида ўтадиган президентлик сайловларига номзод қилиб кўрсатилди.

Депутатлар номзодни бир овоздан қўллаб қувватлашди, депутат Жонибек Козибековнинг Имомали Раҳмон ҳақидаги чиқиши давомли қарсаклар билан кутиб олинди, дейилади Тожикистон ахборот воситалари хабарларида.

Президентнинг ўзи съездда иштирок этмаган.

Ўз сафларида 240 мингдан ортиқ аъзоси борлиги айтиладиган бошқарувдаги Халқ Демократик партияси раҳбари президент Имомали Раҳмоннинг ўзидир.

6 ноябрда Тожикистонда Президентлик сайловлари бўлиб ўтиши керак. Мамлакатдаги олти партия ўз номзодларини маълум қилган.

Коммунистик партия Исломий Талбаков, Иқтисодий ислоҳотлар партияси Олимжон Бобоев, Социалистик партия Абдуҳалим Ғаффаров, Аграр партияси Толиббек Бухориев, Демократик Саиджаффар Исмонов, Ислом уйғлниши партияси Ойнахол Бобоназарова номзодини илгари сурган.

Бундан олдинроқ мамлакат Ёшлар иттифоқи ҳам Имомали Раҳмонни президентликка тавсия қилган эди.

Президентлик сайловлари яқинлашар экан, жаноб Раҳмоннинг қарори билан мамлакатда фуқароларнинг ўқ отар қуроллардан фойдаланишларига вақтинчалик тўсиқ қўйилган.

Қарорда "31 декабргача ўқ отар қуролларнинг барча турларини олиб юриш, ишлатиш, бошқа шахсга бериш, олиб кириш ва чиқиш тақиқланади. Ушбу чора фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадида" қилинаётганлиги таъкидланади.

Мухолифат аъзоларига босим

Ноябр ойида кутилаётган президент сайлови олдидан қудратдаги Халқ Демократик ва мухолифатдаги Ислом Уйғониш Партиялари ўртасида кескин сиёсий кураш бошланиб кетган.

Аксарият мухолифат вакиллари ҳукумат томонидан ўзларига нисбатан босим кучайганини хабар қилишади.

Марказий Осиёда ягона диний-сиёсий саналган Ислом Уйғониш партияси Тожикистон ҳукуматини ўзига нисбатан ёмонотлиқ қилиш кампаниясини бошлашда айблаб чиқди.

Давлат Телерадио қўмитаси бу каби айбловларни рад этгани билан Ислом Уйғониш партиясига ўз нуқтаи назарини билдириш учун эфир вақти ажратиш ҳақида талабларга салбий жавоб берди.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 1992 йилдан бери қудратда эканлигига қарамай, бу сафар ҳам ўз номзодини қўйгани демократик сайловлар бўлиб ўтишига ишонч йўқлигини кўрсатади.

Тожикистон оммавий ахборот воситалари ҳам фақат битта номзодни тинмай тарғиб қилаётгани айтилмоқда.

" Ҳозир Тожикистон оммавий-ахборот воситаларида фақат бир нарса тарғиб этилаяпти: Барча минтақаларда турли хил касбдаги одамлар, "Фақат президент Раҳмон Тожикистонни обод қила олади, агар, у бўлмаса, Роғун ГЭСи бўлмайди, агар, у бўлмаса, Тожикистонда тинчлик бўлмайди", деган чиқишлар қилишаяпти. Бу, энди, Имомали Раҳмонни очиқдан очиқ тарғиб қилиш ҳисобланади", дейишади тожикистонликлар.

Мухолиф партия номзоди Ойнахол Бобоназарова ўз чиқишида Имомали Раҳмондан кўра яхшироқ иш олиб боришга қучи ва билими етарли еканини билдирган, бироқ таҳлилчилар Тожикистонда Раҳмондан бошқа номзодларнинг президент бўлиш имкониятлари етарли емаслигини ва бунга йўл қўйилмаслигини айтишади.