Путин МДҲ билан виза режими ғоясига қарши чиқди

Image caption Путин муҳожирларга бўлган заруратни ёритди, бироқ уларга бўлган абгор вазият ҳақида тўхталмади

Россия Президенти Владимир Путин МДҲ давлатлари билан виза тизимини киритишга қарши гапирди. Айни дамда, у Россияга келаётган муҳожирлар мезбон юртнинг анъаналари ва маданиятини ҳурмат қилишлари кераклигини айтди.

Жаноб Путин бу ҳақида Осиё ва Тинч уммони Иқтисодий Ҳамкорлиги ташкилотининг Индонезияда бўлиб ўтган саммити якунига бағишланган матбуот анжуманида сўзлади.

Унинг айтишича, МДҲ давлатлари билан ўзаро виза тизимини жорий қилиш собиқ Совет республикаларини ўзидан йироқлаштиришни англатади.

"Уларни йироқлаштириш эмас, балки яқинлантириш керак. Лекин, бу жараённи тартиблироқ ҳолда, маҳаллий аҳолининг жиғига тегмайдиган ҳолда амалга ошириш керак," - деди у.

Маҳаллий аҳолининг айниқса Марказий Осиё ва Россия Федерациясига қарам Қофқоз республикаларидан келиб ишлаётган муҳожирларга қарши ҳиссиётлари Россия матбуотида кўп ёритилади. Аксил-муҳожир ҳиссиётлар келгиндиларга қарши ҳужумларга асос бўлган.

Путин бу миллатчилик сиёсати ҳақида бирон нарса демади. Аксинча, муҳожирлар маҳаллий маданиятни ҳурмат қилиши кераклигини айтди.

"Ҳамма муҳожирлар, агар Россия Федерациясига келсалар, унинг тарихи, ҳудуднинг маданияти, қаерга келишаётганини англаб етишлари керак ва бизнинг анъаналаримиз, қонунларимиз ва маданиятимизни ҳурмат қилишлари керак", - деди у. Бироқ, айнан қандай маданият ва анъаналар ҳурмат қилиши кераклигини очиқламади.

Путин жанобларига кўра, Россия бозори маҳаллий аҳоли ҳисобига тўлдириб бўлмайдиган иш ўринларининг муҳожирлар билан тўлдирилишига муҳтож. У меҳнат бозорини тубдан ўрганиб чиқиш ва айнан қайси иш ўринларига муҳожирларни жалб қилишни аниқлашга ундади.

Унинг айтишича, бунда ҳуқуқ-тартибот органлари ва жамиятнинг роли каттадир.

Муҳожирлар масаласида жамиятнинг роли ошиб бораётган турли ҳил ижтимоий миллатчи гуруҳлар тузилиб, муҳожирлар истиқомат қилувчи хонадонларга ҳужум уюштирилишида намоён бўлмоқда.

Кўп ҳолларда бу каби жиноятлар жазосиз қолаётир. Жаноб Путин миллатчи гуруҳларнинг ўзбошимчалиги ҳақида бу сафар ҳам оғиз очмади.

Ўтган чиқишларида жаноб Путин Россияга иш излаб келаётган хорижликларга нисбатан қонун-қоидаларда қаттиққўлликни оширишга чақирганди.

У ҳукуматга муҳожирлар эгаллаган қайси иш ўринларини маҳаллий аҳолига бериш мумкинлигини аниқлашни маслаҳат берган.