Қозоғистонлик дипломатлар Жанубий Африкада талончиларга дуч келганлар

Image caption Талончилик дипломатлар Претория шаҳрига бораётган пайтида рўй берган.

Президент Нурсултон Назарбоевнинг Жанубий Африка республикасига ташрифига тайёргарлик кўриш учун борган қозоғистонлик дипломатлар қуролли талончиларга дуч келган.

Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигидан маълум қилганлар.

Қозоғистонлик дипломатлар гуруҳи Иоханнесбург шаҳри аэропортига қўнганлар.

Аэропортдан Жанубий Африканинг уч пойтахтидан бири Претория шаҳрига йўл олганлар.

Дипломатлар гуруҳига Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Қайрат Сарибай етакчилик қилган.

Қозоқ дипломатлари карвонининг йўлини қуролли шахслар тўсганлар.

Сўнг уларнинг қимматбаҳо буюмлари тортиб олинган.

Қозоғистон матбуотининг вазирлик расмийларига таяниб хабар қилишларича, дипломатлардан ҳеч ким жароҳатланмаган.

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Қайрат Сарибай қолган дипломатлар билан бирга бўлмаган.

Унинг бошқа автомобилда кетгани хабар қилинган.

Жанубий Африка полицияси ушбу ҳодиса юзасидан тергов бошлаган.

Қозоқ расмийлари дипломатларнинг аллақачон ватанига қайтганларини билдирганлар.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги вазир ўринбосари Қайрат Сарибайнинг Жанубий Африка республикасининг қатор давлат идоралари раҳбарлари ва ишбилармонлари билан учрашгани ҳақида хабар қилган.

Жанубий Африка Ташқи ишлар вазирлиги Қозоқ дипломатларининг босқинчиларга дуч келгани хабарини шарҳламаган.

Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ушбу ҳодисанинг Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг декабр ойи бошига мўлжалланган биринчи давлат ташрифига таъсир қилиш-қилмаслиги аниқ эмас.