Орол тубига саёҳат ва ё денгизни сувга тўлдириш орзуси...

Линдсей Корт (Lindsey Groot) Нидерландиялик журналист. У 2012 йилда журнализм факультетини якунлаган. Ҳозир антропологияни ўрганмоқда. Линдсей ҳам хорижий журналистикага қизиқади. Гана, Қатар, Америка Қўшма Штатлари ва Франсада хабарчилик сафарида бўлган. The New York Times интернет хабарчилиги лойиҳасида иштирок этган. Шу йил ёзида Menjatj лойиҳаси билан Марказий Осиё мамлакатларига сафар қилган. Айни лойиҳа Шўро давлатларида 1991 йилдан кейинги ўзгаришларни ўрганади. Журналист бу гал Орол денгизининг Қозоғистондаги қисмига сафари таассуротлари билан ўртоқлашади.

"Орол денгизи соҳилига хуш келибсиз", дейди бизни олиб юрган йўлбошловчимиз ва сайёҳлар юзидаги ифодани уқиш учун машина ойнасига нигоҳларини қадайди.

Биз эса, соҳилбўйидаги йирик қум деворлари, бир пайтлардаги миллионлаб балиқлар ўрнини эгаллаган туялар ҳамда чанг-тўзон қоплаган кемалар қолдиқларига тикиламиз. Ҳалокат ҳудудига саёҳатимиздан ўнғайсизланамиз. Аммо, гидимиз имкон қадар бунга ўрин қолдирмасликка уринади:

"Атрофга боқинг, ҳозир бу ер чўл, 5 йил ичида одамлар Орол бўйида яна балиқ овлайдилар!" дейди у.

Гиднинг атроф-муҳит билан боғлиқ энг катта ҳалокатлардан бири борасида бу қадар некбин гапиришига ҳамон бироз ҳайрон боқамиз.

Шўролар тузуми Орол денгизини Марказий Осиёдаги пахта майдонларини суғориш учун қурбон қилган. Оролга Амударё ва Сирдарёдан келиб қуйиладиган сув йўллари бўғилиб, пахтага ҳайдалган. Шу боис, сув сатҳи 1960 йиллардан бери йилига 2 сантиметрдан пастлаб борган.

Шўролар Иттифоқи бу ишнинг атроф-муҳитга таъсири борасида эса, мутлақо ташвиш қилмаган.

Ҳаммадан қизиғи ва муҳими, бутунлай ўзгача дунёқарашни шакллантириш бўлган. "Суғориш билан биз ўтмишни ортга қолдирамиз ва социализмга ўтишни кафолатлаймиз", деганди 1918 йил суғориш режаларини эълон қилган Ленин.

Йўлбошловчимиз Серик Орол денгизининг шимолий қисмини тиклашга уринаётган ноҳукумат ташкилотида фаолият олиб боради.

Ярим соатлик йўл босгач, у бизни олиб юрган Тайотасини яна бир текисликка тўхтатади. "Мана келдик. Бу ер - кемалар қабристони..."

Кемаларнинг занглаб кетган қолдиқлари гўё қум тагидан ўрмалиб чиқаётганга ўхшайди.

Аслида бу буюмлар денгиз махлуқлари бўлганини тасаввур қилишингиз учун бироз фантазияга берилишингиз керак. Кемалар ён қисмларида ишланган "санъаткорона" чизгилар улар бугун нақадар муҳим вазифани ўтаётганига ишорадек.

Аммо, қум бўронлари кемалар деворларини худди Швецария пишлоқлари каби илма-тешик қилиб юборган. Фақат кеманинг бош қисми омон қолган.

"Бу кемалар ҳозир ҳеч кимнинг мулки эмас. Яқин-атрофдаги қишлоқлар балиқчилари ҳаддан ортиқ чўлланиш туфайли ишларини йўқотишди. Бироқ, бола-чақаларини боқишлари учун уларга пул керак. Шундай экан, кема қисмларини бўлаклаб сотишни бошлашган", дейди Серик.

Серикнинг айтишича, балиқчилар ҳозир ўтмиш ҳақида қайғураётганлари йўқ, улар фақат яна балиқ овлаш имконияти туғилгунга қадар жон сақлашмоқда. Ва Серик бу кунлар тез орада келишига қаттиқ ишонади.

Гидимизнинг идораси Орол денгизи шимолидаги Аралск шаҳарчасида. "Танҳо сайёра" китобини ўқиган ҳар бир саёҳатчи Орол тубига мана шу нуқтадан сафар қилади. Ва, ҳа, улар бу сафарда Серик ёки унинг дўстларидан бири билан бирга бўлишади.

Аммо, бу саёҳат тез орада имконсиз бўлиб қолиши мумкин, чунки Оролнинг шимолий қисмини сув билан қайта тўлдириш ишлари яхши бормоқда. Серикнинг ўйлашича, 5 йил ичида денгиз тубига саёҳат фақат сувости кемаси билангина амалга ошади.

Жаҳон Банки дастагида унинг ноҳукумат ташкилоти Дания ширкати билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга.

"Қозоғистон ва Ўзбекистон чегараси яқинида тўғон қуриш билан Сирдарё суви Орол денгизининг Аралск яқинидаги қисмига ҳайдалади. 2005 йил тўғон қурилишидан олдин сув бўйи 65 чақиримча узоқда эди. Ҳозир 2013 йил ва соҳилгача 40 чақиримгина қолди", дейди Серик.

Бу мавзуда батафсилроқ