Тожикистон: Матбуотнинг кучи...Президентга ҳам етадими?

  • 18 Октябр 2013

“Президентга яқин инсонлар уни обрўсизлантириш бобида мусобақа қилишмоқда”, “ Сайлов шаффоф ўтади дейиш мушкул”, “Хайр, Президент курсиси”, “Тожик милицияси кимни қўриқлайди”, “Мухолифат кескин чора кўришга шайланмоқда”... Буларнинг бари бугунги Тожикистон газетларидан олинган сарлавҳалардир.

Бу сарлавҳаларнинг ўзиёқ бир маънода Тожикистондаги матбуотнинг бугунги ҳолатини яққол намоён этади.

Рост, Тожикистондаги ижтимоий сиёсий ҳаёт ўтган ўн кунлар ичида анчайин қизиб қолди.

Аммо, бу турдаги сарлавҳалар ва ё ўзбек матбуотини ўқиб ўрганган кўзни “очиб” қўядиган чиқишлар тожик матбуотига ёт эмас.

Тожикистон газеталари, хабар агентликлари, интернет нашрларнинг асосий мавзуси, табиийки, яқинлашиб келаётган президентлик сайлови билан боғлиқ.

Ана ўшалар орасида мухолифатнинг президентликка номзоди Ойнихол Бобоназарованинг “етарлича имзо тўплай олмади” қабилидаги тушунтириш билан пойгадан четлатилиши эди.

Интернетдаги ижтимоий тармоқлар том маънода “портлаб” кетди.

Газеталарда эса, сайлов комиссиясининг қарорини очиқчасига танқидлар, Бобоназарова хоним тарафдорларининг ғазабини ифодаловчи чиқишлар ёритилди.

Президентни номсиз ўқувчилар кўпроқ “калтаклашмоқда”

Азия-Плюс нашри ўз ўқувчиларининг фикрларига ўрин берди.

Аъзо номли ўқувчи “ Ҳаммаси бефойда, ҳозирданоқ лозим бўлган номзод учун имзо билан сайлов қоғозлари тайёр. Муқобил қутиларга солиб чиқилган.Сайловчилар келмаса ҳам улар овоз беришган ва ёки уларнинг ўрнидан овоз беришади.

Маҳаллий ҳокимлар ўзларининг “ёғли “жойларидан айрилишни исташмайди”, деб ёзади.

Шавкат исмли бошқа бир ўқувчи эса бу сайлов жараёнини Имомали Раҳмон иштирокидаги цирк деб атайди. “Муқобил номзодларнинг юзида президентлик курсиси учун кураш нуқси йўқ”, деб ёзади.

Айни нашрнинг интернет саҳифасида Президент Раҳмоннинг мамлакат шимолига бир ой ичида иккинчи бор сафар қилиши ёритилган.

Яна ўз ўқувчиларининг фикрларига ўрин берар экан, аксарият Президентнинг шимолга сафарини савол остига олади, ўқувчилардан бири “шундоқ ҳам фаровонроқ бўлган вилоятда нима қилиб юрибди у, Хатлонга борсин, айрим ноҳиялар Афғонистонни эслатади”, дея мамлакат раҳбари ва ё бу ерда мулозимлар ва расмий матбуоти “Жаноби Олий Мўҳтарам Президент” деб нисбатлайдиган Имомали Раҳмонга дакки беради.

Ойнихол Бобоназарова билан онлайн суҳбатда Шарофиддин номли ўқувчи: "Айтинчи, сизнинг Президент Раҳмондан қандай фарқингиз бор?" деб сўраган.

Мухолифатнинг рўйхатга олинмаган ягона номзоди: “Мен бошқаман, Раҳмондан фарқ қиламан, ўз тарбиям, таълим кўрганим, ҳаётий тажрибам ва эътиқодим билан фарқ қиламан”, деб жавоб беради.

Айни жавоб онлайн суҳбатга сарлавҳа бўлганининг ўзиёқ мустақил нашрларнинг таъбир жоиз бўлса қанчалар мустақил эканини кўрсатади...

Матбуот мулозим ва унинг ...ўғлига қарши

Пойтахт Душанбедаги исталган такси ҳайдовчиси билан гаплашсангиз, аксарият тунда “катта раҳбарларнинг” арзандалари пойтахт кўчаларида қимматбаҳо машиналари билан пойга қўйишлари ҳақида ҳикоя қилишади.

Аксарият таксичилар бу ҳикояларида албатта давлат раҳбарларининг нафақат бунақа “талтайган” авлодларини балки аждодларини ҳам “суриштиришади”.

Тожикистон матбуотининг асосий мавзулари қаторидан ўрин олган сўнгги автоҳалокатда ҳам ана шундай “катта раҳбарлар”дан бирининг ўғли “қаҳрамон”.

11 октябрда рўй берган авто ҳалокат айбдори Ички ишлар вазирлигига кўра, мамлакат темир йўллар раҳбари Амонулло Ҳукуматуллонинг 16 яшар ўғли Расули Амонуллодир.

Айни автоҳалокатда уч киши қурбон бўлиши тожик матбуотини “оёққа турғазди”.

Аксарият газеталардаги мақолаларда Президент Имомали Раҳмондан Амануллоҳ Ҳукуматуллоҳнинг зудлик билан ишдан олиниши талаб қилинди.

Қандай қилиб 18 ёшга тўлмаган ўспирин машина ҳайдашга рухсат олгани сўроққа тутилди.

Журналистлардан бири эса: "Агар Президент Раҳмон Темир йўллар раҳбарини ишдан олмаса, унинг ўзи “ишга лаёқатсиз” эканини қисман исботлайди", деб ёзди.

Сатрлар орасидаги маънога эътибор берадиган бўлсангиз, бу автоҳалокат Тожикистондаги барча тўпланиб қолган муаммоларни “кўтарди”...

Қатор саволлар ўртага отилди.

Нима учун раҳбарларнинг ҳали ёши етмаган фарзандларига машина ҳайдаш учун рухсат берилади?

Ким беради бу рухсатни?

Улар қимматбаҳо машиналарини қайси маошлари ҳисобига сотиб олишади?

Нима учун раҳбарларнинг яқинлари айбдор бўлишса ҳам жиноятлар учун жазосиз қолишади?

Президентнинг бу воқеалардан хабари борми? Бор бўлса нима учун чора кўрмаяпти?

Президентнинг бебош раҳбарлар ва уларнинг яқинларини тийиб қўйишга кучи етадими?

Мустақил нашрлардан наф борми?

Бу каби қалтис саволларнинг матбуотда пайдо бўлиши ва ёки 65 ёшли таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли ва жамоат арбоби Бобоназарова хоним мухолифат номидан номзодини олға сураётгани Тожикистон ҳукуматини анча ҳушёр торттириб қўйгани тайин.

Акс ҳолда, мустақил журналистларга кўра, Бобоназарова хонимнинг номзодидан ҳукумат чўчимаган ва уни рўйхатга олган бўлур эди.

Аммо, расмий нашрларда кўп йиллардан бери ишлаб келаётган журналистга кўра, бу каби танқидий чиқишлар кеча пайдо бўлгани йўқ.

Ойнихол Бобоназарова билан боғлиқ чиқишлардан эса, наф йўқ.

“Нафақат биз, яъни “расмий”лар, балки мустақил нашрлардаги ҳамкасбларнинг ҳам ҳафсаласи анча пир бўлган. Улар ёзгани билан бирор нарса ўзгариб қолмайди...Кейинги етти йил Тожикистонга ким президент бўлиши ҳам тайин. Ҳамма нарса мамлакатдаги иқтисодий вазият билан боғлиқ. Ҳозирча Россия бор бўлсин! Муҳожирларимиз пул жўнатиб туришибди, одамлар нисбатан тўқ, бозорларда тўкин-сочинлик ва энг муҳими тинчлик...Урушни эса ҳамма эслайди. Ҳеч ким у кунларга қайтишни истамайди”, дейди расмий нашрлардан бирида ишлайдиган журналист.

Ҳар ҳолатда ҳам Тожикистон матбуотини Ғарбдаги матбуот билан қиёслаб бўлмайди, аммо қўшни давлатлардаги сўз эркинлиги билан солиштирсак, айниқса, ўзбек матбуотига қиёсан қаралса ... фарқ ер билан осмонча.

Бу мавзуда батафсилроқ