ҲРУ: Тожик ҳукумати эркин сайловлар борасидаги ваъдасини унутмаслиги керак

Image caption ҲРУ тожик давлат матбуотини нохолисликда айблайди

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти Тожикистон ҳукуматини мухолифатни таъқиб қилишни тўхтатиш ва 6 ноябрга режаланган президентлик сайловлар эркин ўтиши учун барча шароитларни яратишга чақирган.

Халқаро Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Тожикистон ҳукумати номзодлар орасидаги рақобатни чегаралашга уринаётгани, сиёсий мухолифатни таъқиб қилаётгани, жорий Президентга рақиблар ҳақида ижобий чиқишларни олдини олиш учун оммавий ахборот воситаларини цензура қилаётганини айтади.

"Сайловчилар барча томонларни тинглашига имкон яратиш ўрнига Тожик ҳукумати мухолифат номояндаларини нишонга олмоқда", дейди ҲРУнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича директори Ҳю Виллиямсон.

"Таъқиб қилиш, калтаклаш ва мухолифат раҳбарларини ташқи алоқадан узиб қўйиш адолатли сайловлар ғоясини ҳақоратлашдир. Сайловлар эркин ва адолатли ўтиши учун сайловчилар ҳаққоний танловга эга бўлишлари керак".

Ҳюман Райтс Уотч ўтган апрел ойи Брюсселга сафари пайти келаси президентлик сайловлари "эркин, шаффоф ва демократия асослари"га мос ўтишини кафолат борасидаги ваъдаларини эслатади.

Ташкилотга кўра, ўтган йилдан бери Тожикистон ҳукумати сиёсий мухолифат ва фаолларга қарши шафқатсиз таъқибларини кучайтирган.

ҲРУнинг айтишича, мазкур таъқиблар "...қатор мухолиф партия раҳбарларини қамоққа олиш ёки қўрқитиш ва сиёсий мухолифларни хориждан экстрадиция қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш" билан амалга оширилмоқда.

Image caption Сайловларда жаноб Раҳмоннинг жиддий рақиби қолмагани айтилади

"Ҳукумат, шунингдек, матбуот эркинлигини ҳам чеклаган", дейди Ҳюман Райтс Уотч. Ташкилотга кўра, давлат матбуоти Раҳмон борасида ижобий қарашни шакллантириш билан овора, бошқа танқидий чиқишлар ёки мухолиф номзодлар фаолиятини ёритувчи мақолалар қарийб кўзга ташланмайди.

"Тожикистонда мустақил телевизион станциялар ҳам йўқ. Тожик ҳукуматининг ҳаракатлари ... эркин ва адолатли сайловларни кафолатлаш ваъдасига зиддир", дейди Ҳюман Райтс Уотч.

Шунингдек, Ҳюман Райтс Уотч Тожикистон мухолифатининг ягона номзоди Ойнихол Бобоназарованинг сайловда иштирок этишига имконият берилмаганига ҳам эътибор қаратади.

Ойнихол Бобоназарова етарлича имзо тўплай олмай, расман қайддан ўта олмагани ҳақида маълум қилганди.

Ойнихол Бобоназарова Тожикистоннинг бу яқин тарихида президентлик учун беллашмоқчи бўлган биринчи аёл ҳам эди.

Президент Имомали Раҳмон дохил олти номзод эса, ҳеч қандай қийинчиликсиз расмий рўйхатдан ўтган. Ва номзодлар барчаси тўртинчи бор қайта сайланишга умид қилаётган жаноб Раҳмон ҳукумати дастакловчиларидир. Бу эса, бўлажак президентлик сайловларида жаноб Раҳмоннинг жиддий рақиби қолмаганини англатади.

Жорий Президент Имомали Раҳмон ғалабаси башорат этилаётган сайловлар 6 ноябр кунига режаланган.

Агар башоратлар тўғри чиқса, Тожикистонни 21 йилдан буён бошқариб келаётган жаноб Раҳмоннинг президентлик ваколати яна етти йилга узаяди.

Бу мавзуда батафсилроқ