Қозоғистонда одам савдоси билан шуғулланган наманганлик ушланган

Image caption Қозоғистонда одам савдоси билан шуғулланган наманганлик ушланган

Қўстанайда одам савдоси билан шуғулланганликда гумон қилинган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Полициянинг хабар беришича 42 ёшли наманганлик шахс бир неча ой давомида одам сотиш билан шуғулланган.

“У Ўзбекистондан ишчилар бригадасини йиққан ва қурилишда ишлаш учун Остонага олиб келган. Бу ерда қурилиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга юртдошларини топширган. Улар ўз навбатида ишчиларга ойлик бермаган. Иш ҳақи эвазига қорнини тўйдиришган ва қурилиш объектларида яшашга рухсат бериш билан қутилган”, - дейилади Қўстанай вилоят ички ишлар департаменти хабарида.

Маълум бўлишича, ушбу шахс Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан одам савдосида айбланиб қидирувда бўлган.

У Қозоғистон полицияси назарига 2013 йилнинг май ойида тушган ва ўша вақтнинг ўзида қидирув иши очилган.

Гумондор 16 октябр куни Қўстанайдаги танишининг квартирасида қўлга олинган. Уни ҳибсга олиш тўғрисида қарор чиқарилган.

Қозоғистонда ўзбекистонликларнинг қуллика тушиб ҳолатлари тез тез учраб туради. Аммо бу ҳодисаларнинг кўпчилиги қурбонларнинг ўз ҳуқуқини билмаслиги боис жиноий иш қўзғатилмасдан қолиб кетади.

Иқтисоди нисбатан бойроқ бўлган Қозоғистонга ҳар йили Ўзбекистондан 100 минглаб меҳнат муҳожири ишлаш учун келади.

Уларнинг ҳуқуқи қонун томонидан ҳимояланмагани ва ишлаш учун қонунан ҳақлари йўқлиги боис, бу одамлар кўп ҳолларда қулликка тушиб қолади.

Иш берувчи муҳожирларнинг паспортини олиб қўйиб, турли ёлғон ваъдалар ёки қўрқитишлар билан уларни текин ишлатишга мажбур қилади.