Қозоғистон Суриядаги мужоҳидларни ортга қайтармоқчи

Қозоқ мужоҳидлари шаҳид бўлиш учун келганини айтган

Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси Сурияда тахминан 100 нафар қозоғистонлик жанг қилаётганини тасдиқлади. Қўмита мужоҳидларнинг яқинлари билан ҳамкорликда уларни ортга қайтаришга уринмоқда.

youtube.com порталида гўёки 150 қозоғистонлик Сурияга жиҳод учун келгани тўғрисидаги видеодаги шахслар Қозоғистон фуқаролари эканлиги тасдиқланди. Миллий хавфсизлик қўмитаси уларнинг айримлари ҳақида маълумотга эга ва кўпчилигининг шахслари ҳали тасдиқланмаганини билдирган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси аксилтеррор штаби маркази раҳбари Кендебай Адамбаев маҳаллий КТК телеканалига берган интервьюсида тахминан 100 нафар қозоғистонлик Сурияда жанг қилаётганини ва ҳали оғир жиноят содир этмаган мужоҳидларни келишувлар билан ватанга қайтариш режаси борлигини айтган.

“Қариндошлари орқали бу одамларни ватанга қайтариш учун ота-оналари ва яқинлари билан келишувлар олиб бормоқдамиз. Ҳар бир қайтарилган одамга алоҳида қарор қабул қилинади. Гап ҳали жиноят содир қилмаган, террорист гуруҳларнинг таркибида иштирок ёки ҳаракат этмаган оилалар ҳақида бормоқда”, - деган Кендебай Адамбаев.

Хавфсизлик органи ходимлари Сурияга оиласи билан кетган мужоҳидлар жанг майдонига ўз истакларига қарши равишда борганини ва пул учун кетмаганини таъкидлашмоқда. Ушбу ёш оилалар кучли тарғиботнинг қурбони бўлгани тахмин қилинмоқда.

Махсус хизмат ходимлари қозоғистонликлар даъват қилган видеони диққат билан ўрганиб чиққанини билдирмоқда. Уларга кўра Қозоғистон фуқароларини хорижий жангарилар экстремизмни тарғиб қилишда фойдаланади, кейин эса жанг майдонларида ем сифатида ишлатади.

Миллий хавфсилик хизмати youtube.com га қўйилган видео таркибида терроризмни тарғиб қилиш аломатлари бор дея топган. Қозоғистонда терроризмни тарғиб қилиш қонунчилик асосида тақиқлангани боис қўмита тегишли текширувларни бошлаб юборган.

“Аввало, ушбу видео ёшларимизнинг онгига таъсир қилиш воситасидир. Мамлакатимиздан ташқарида олинган ушбу видеороликлар нафақат бизнинг ёшларимиз, балки бошқа араб давлатлари ёшларига йўналтирилгани аниқ фаҳмлаб турибмиз”, - дейди Кендебай Адамбаев.

Олдинроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу фуқаролар Сурияга мамлакат визасини олмасдан Туркия орқали бориб қолган бўлишини тахмин қилган эди. Туркия ва Қозоғистон давлатлари ўртасида виза тартиби йўқ. Мужоҳидлар Туркиядаги қочқинлар жамлоқлари орқали Сурияга ўтган бўлиши фараз қилинган.

Шу йилнинг 15 октябр ойида youtube.com порталида пайдо бўлган ва гўёки Сурияга жанг қилиш учун келган қозоғистонлик мужоҳидлар ҳақидаги видео шов шувларга сабаб бўлганди.

Унда оиласи билан Сурияга ҳижрат қилган қозоқ оилалари акс эттирилади. Тасвирларда турли ёшдаги кичик ўғил ва қизларни кўриш мумкин.

Болалар Қуръон тиловат қилади ва исломий шеърлар айтади. Уларнинг сони тахминан 20-30 нафарни ташкил қилишини илғаш мумкин.

Болакайларнинг жисмоний машқ қилаётган ҳолат ҳам кўрсатилган.

Кейин тасвирда пайдо бўлган соқол ва мўйлов ўстирмаган йигит қозоқ тилида гапиради.

"Қуръонда жиҳод тўғрисида кўп оят ва кўп ҳадислар келади. Алҳамдулиллаҳ, Шомга Аллоҳнинг неъмати ва меҳрибонлиги билан жиҳод қилишга келдик. Худога шукр, биродарларимиз кўп. Мана шу йўлда шаҳид бўлгимиз келади. Жаннатни ва Аллоҳнинг юзини хоҳлаймиз, иншаАллоҳ", - дейди у.

Қолган эркаклар ҳам жиҳоднинг афзаллиги ва шаҳид бўлиш ниятида Сурияга келгани ҳақида гапиради. Улар Аллоҳнинг фарзини ўринлатиш учун жони ва молини тикканини айтишаркан, жанг қилиш учун қурол билан келганини айтиб қўлидаги автоматни кўз кўз қилишади.

Видеода шаҳарда бомба портлаши ва ортидан "Аллоҳу акбар" деган такбир ҳамда қозоқ тилида "Аллоҳ баракамизни бер" деган ҳайқириқлар бор.

Бу мавзуда батафсилроқ