Москва – Душанбе поезди йўловчилари Россия ҳудудида калтакланган

Россияда 1,5 миллионга яқин тожик мигрантлари ишлаши айтилади
Image caption Россияда 1,5 миллионга яқин тожик мигрантлари ишлаши айтилади

Москвадаги Тожикистон элчихонаси хабарига кўра, Душанбега кетаётган поезд “Терновка” техник станциясига тўхтаган вақти славян кўринишдаги 20 чоғли гуруҳ йўловчиларга ҳужум қилган. Элчихона расмийси воқеани кузатган полиция бирор чора кўрмаганини билдирган.

Ҳужум натижасида жароҳатланган бор. Вагонларнинг ойналари синган.

Тожик телеграф агентлиги Тожикистоннинг Россиядаги элчихонасига таяниб хабар беришича, 320 - рақамли поездга ҳужум ўтган шанба 26 октябр куни содир этилган.

“Шахси номаълум славян кўринишдаги 20 дан ортиқ одам “Москва-Душанбе” №320 рейс поездига ҳужум қилди. Натижада айрим йўловчилар енгил тан жароҳати олди. Таркибнинг биринчидан ва еттинчигача бўлган вагонларида 20 дан ортиқ ойна синдирилди. Ушбу акция давомида ҳужумчилар томонидан йўловчиларга нисбатан ҳақоратлаш, таҳдид ва миллий руҳдаги чақириқлар бўлган”, - деган Тожикистонинг Россиядаги расмий вакили Муҳаммад Эгамзод.

Элчихона расмийсининг сўзларига кўра, ушбу воқеани кузатиб турган маҳаллий полиция ва темир йўл станцияси ходимлари бирор чора кўрмаган.

“Поезд бригадири ҳодиса ҳақида маршрут бўйича кейинги станция “Волгоград”га телеграмма юборишга ҳаракат қилган, аммо у ёқдагилар телеграммани қабул қилмаган. Ушбу таркибни Москвадан Россия чегарасигача кузатишни зиммасига олган Россия Темир Йўлларининг хавфсизлик бўйича Астрахан вилоят ревизия хизмати тегишли идораларни ҳодисадан огоҳ этмади”, - дея таъкидлаган элчихона расмий вакили.

Тожикиистон элчихонаси ҳодиса юзасидан холис тергов ўтказишни ва “Тожик темир йўллари” ташкилотига етган моддий зарарни қоплаб беришни сўраб Россия томонига мурожаат қилган.

Россияда сўнгги вақтларда ҳукумат куч ишлатар тизимлари томонидан мигрантларга қарши рейдлар авж олган. Миллатчи руҳдаги ёшлар эса “Россия руслар учун” шиори остида ўзга миллат вакилларидан шаҳарларни тозалашга қаратилган амалиётларни кучайтирмоқда.

Тожикистонда президент сайловлари арафасида Россия ҳудуддаги ҳарбий базасини яна 30 йилга қолдириш юзасидан битимга эришди.

Бунинг эвазига Россия тожикистонлик меҳнат муҳожирларига имтиёзлар берди.

Тожикистонликлар Марказий Осиёнинг бошқа давлат фуқароларидан фарқли равишда 3 йилгача Россияда ишлаши мумкин.

Турли рақамларга кўра, Россияда миллиондан 1 ярим миллионга қадар тожикистонлик меҳнат қилади.