Тожик мухолифати муҳожирларни сайловларни бойқот қилишга чақирмоқда

Image caption Тожикистондан ташқарида бир миллиондан ортиқ меҳнат муҳожири борлиги айтилади.

Мухолифатдаги Тожикистон Социал-демократик партияси тожик меҳнат муҳожирларини сайловларни бойқот қилишга даъват қилган.

Тожик социал-демократлар 6 ноябрда ўтадиган сайловлар "Тожикистондаги миллий қизиқишларга қарши" деб ҳисоблайди.

Социал демократларнинг етакчиси Раҳматулло Зойиров президентлик сайловларини ноқонуний ва сохта деб эълон қилишни таклиф қилмоқда. Унга кўра, "сайловлар ноконституцион қонунлар ҳамда сиёсий партия ва номзодлар тенгсизлиги асосида ўтказилади".

Тожикистон Марказий Сайлов Қўмитаси номзодларни тожик меҳнат муҳожирларининг дастагини йиғишни тақиқлаб қўйган.

Турли маълумотларга биноан, мамлакат ташқарисида бир ярим миллионга яқин тожик меҳнат муҳожирлари бор.

Олдинроқ мамлакатга катта таъсирга эга Тожикистон Исломий партияси ўз тарафдорларини сайловларда қатнашмасликка чақирганди.

Шу билан бирга исломийлар буни бойқот деб аташмаган. Кузатувчиларнинг фикрича, бу ҳукуматнинг партияга кўрсатаётган босимлари билан боғлиқдир.