Гул Муҳаммад суннийликдан воз кечиб, нима иш қилди?

  • 5 Ноябр 2013
  • изоҳлар

35 ёшли Гул Муҳаммад мусулмон ўзбек. Яқин-яқингача мазҳаби ҳам сунний бўлиб келган.

У киши ҳозир Афғонистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош шимолий Мозори Шариф шаҳридаги Балхи Бўстон маҳалласида яшайди.

Гул Муҳаммад яқинда яширинча ўз мазҳабидан воз кечиб, шиаликни қабул қилган.

Аммо унинг бу қарори маҳалладошларининг кескин норозиликларига сабаб бўлган.

Улар Гул Муҳаммадни, ҳатто, диндан чиқанликда ҳам айблашган.

Қариндошлари эса, номаъқул иш қилганлигини айтиб, у киши билан алоқаларини шарт кесишган.

Гул Муҳаммад Мозори Шарифдаги мухбиримиз Ҳаётуллоҳ Шайбон билан суҳбатида айтишича, кимнингдир пули ёки алдовига учиб, шиа мазҳабига ўтмаган.

У ўқимишли, саводхон киши.

Гул Муҳаммадга кўра, шиа мазҳаби таълимотини ўқиб, ўрганиб, ёқтириб қолгач, суннийликдан воз кечишга қарор қилган.

"Йўқ, агар биров менга пул берган бўлса, 200 рупияга мардикорчилик қилармидим", - дейди Гул Муҳаммад.

Агар, яқинларининг сўзларига қаралса, Гул Муҳаммадни бу йўлдан қайтаришга роса уринишган, аммо бунга муваффақ бўлишмаган.

"Бир кеча Оқчадан, Файзободдан, ҳамма қариндошлар бир ерга йиғилдик. Аммо у шиаликдан воз кечмаслиги, жаннатга боришини айтиб, туриб олди. Сизлар ҳаммаларингиз кофирсизлар, дўзахга кетасизлар деди", - дейди унинг қайноғаси ҳамкоримиз билан суҳбатда.

Унинг айтишича, ўша кундан буён Гул Муҳаммад билан ҳам, унинг онаси билан ҳам борди-келдиларини узишган.

Мухбиримизга кўра, Гул Муҳаммаднинг қарорига Шариат нима дейди, деган саволига маҳаллий уламоларнинг жавоблари ҳам бир хил бўлмаган.

"Уламолардан бири Гул Муҳаммад суннатни тарк этибди, бошқаси эса, у гуноҳкор бўлмаган, ҳар бир одам қайси мазҳабни хоҳласа, ўта олади, бунга тўсқинлик йўқ дейишди", - дейди у.

Унинг лавҳасидан аён бўлишича, баъзи уламолар эса, ўз жавобларини очиқ айта олмасликлари, акс ҳолда сўзлари жанжалга сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлаб, ўзларини олиб қочишган.

Энг қизиғи, уламолардан бирортаси ўз фикрини очиқ микрофонга айтишни истамаган.