"Қумтор"ни миллийлаштиришга нима ундамоқда?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев илк бор Иссиқкўл туманидаги "Қумтор" олтин ширкатини миллийлаштириш мумкинлигига ишора берган.

Айни пайтда кон Канаданинг Centerra Gold ширкати назоратида фаолият қилади.

Денгиз сатҳидан 4 минг метр баландда жойлашган "Қумтор" - дунёдаги энг баланд ва қазиб чиқиш қийин бўлган олтин кони саналади.

Ушбу кон Қирғизистон каби табиий бойликлари кам ва қашшоқ мамлакат учун қарийб миллий бойлик тимсоли ҳамдир.

Чунки, Қирғизистон четга сотадиган маҳсулотнинг ярмини "Қумтор" олтини ташкил этади. Қирғиз ҳукумати конни давлат тасарруфига ўтказиш мамлакат иқтисоди учун зарарли бўлишини таъкидлаб келган.

Аммо, "Қумтор"га эгалик масаласи мамлакатда ойлаб давом этган норозиликлар, очлик амаллари ва тартибсизликларга етаклаганди.

Ниҳоят, ўтган ой Қирғиз ҳукумати Сентерра Голд билан янги қўшма корхона ташкил қилиш борасидаги битимга эришган.

Энди эса, жаноб Атамбаев "Қумтор"ни миллийлаштириш эҳтимолига ишора бераркан, бунга уни қайси омиллар ундаган бўлиши мумкин? Биз бу саволни Би-би-си Қирғиз Хизмати муҳаррири Гулнора Касмамбетовага бердик:

Image caption "Қумтор"га эгалик масаласи мамлакатда ойлаб давом этган норозиликлар, очлик амаллари ва тартибсизликларга етаклаганди

Гулнора Касмамбетова: Қизиғи шундаки, биз конни миллийлаштириш эҳтимоли ҳақида Президентнинг ўзидан эшитяпмиз. Айни пайтда биз, мамлакатдаги қатор кузатувчилар билан ҳам гаплашдик. Уларнинг фикрича, Президент шундай қилишга мажбур бўлаётган бўлиши мумкин. Чунки, бир томондан "Қумтор" Қирғизистондаги хорижий сармоядорлар томонидан қўллаб-қувватланаётган муваффақиятли ширкатлардан бири сифатида муҳим. Энг аввало, унинг мамлакат бюджети учун аҳамияти катта. Агар ширкат иши тўхтаб қолса ёки етарлича маҳсулот ишлаб чиқара олмасаю мамлакат ғазнасига етарли заҳираларни етказиб бермаса, албатта, иқтисодга бунинг таъсири анчайин салбий бўлади. Президент буни яшираётгани йўқ. У очиқдан-очиқ: "Бу - биз учун, иқтисодимиз учун ниҳоятда катта зарба. Аммо, биз мамлакатда ҳар қандай сиёсий беқарорлик юз бериши олдини олиш учун ушбу қадамни қўйишимиз мумкин", дейди. Бундай вазиятдан айрим шахслар маҳаллий аҳолини кўтаришда фойдаланишди. Президентнинг ўзи ҳам айнан мана шу одамлар 2003 йилги Канада ширкати билан эски шартномани қўллаб-қувватлашганини айтаркан, нима учун бугунга келиб, улар бу мавзудан мамлакатни беқарорлаштириш йўлида фойдаланишмоқда, деган саволни қўяди.

Би-би-си: Маълумки, "Қумтор" атрофида кечаётган норозиликлар шундоқ ҳам беқарорлик ва зўравонликларга тез-тез саҳна бўлиб турадиган Қирғизистонга бошқа хорижий сармоядорлар келишини тўхтатиши мумкин. Ҳозир жамиятда айни мавзу қандай акс-садо бермоқда?

Гулнора Касмамбетова: Жамият бу мавзуда иккига бўлинган. Бир томондан, ҳамма иқтисодга бериладиган ҳар қандай зарбадан азият чекадиганлар оддий одамлар бўлишини яхши билишади. Иккинчи тарафдан, баъзи гуруҳлар кон жойлашган ҳудуддаги маҳаллий аҳолини агар кон давлат тасарруфига ўтказилса, мамлкат учун фойдалироқ бўлади, деган гапга ишонтиришган. Аммо, одамларга агар сармоядорлар мамлакатни тарк этишадиган бўлса, кон ўз-ўзидан муваффақиятли ишлай олмаслиги борасида етарлича тушунтириш берилмаган. Бошқа томондан, маҳаллий кузатувчилар бу каби тартибсизлар ортидаги сиёсий мақсадлар борасида гапиришади. Улар мамлакатда қанчалар кўп беқарорлик юзага келса, шунчалар кўп сиёсий мавқеъга эришиш мумкин деб ўйлайдилар.

Би-би-си: Ҳозиргача Президентнинг айтганларига Centerra Gold тарафидан бирон бир муносабат билдирилдими?

Гулнора Касмамбетова: Ҳозиргача бунга бирон бир муносабатни эшитганимиз йўқ. Чунки, интервю эндигина олинди. Ҳозирча фақат қирғиз тилида. Аммо, ишонаманки, Қирғиз Президентининг сўзлари инглиз тилига ўгирилгач, улар қандайдир муносабат билдиришлари мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ