ОХҲТ: "Тожикистонда президентлик сайлови тинч ўтди, аммо ҳаққоний танлов йўқ эди"

  • 7 Ноябр 2013
Имомали Раҳмон Тожикистонни 20 йилдан буён бошқариб келади

"6 ноябр куни Тожикистонда бўлиб ўтган президентлик сайлови тинч ўтди, бироқ номзодларни рўйхатга олиш жараёнидаги чекловлар натижасида ҳақиқий танлов ва плюрализм йўқ эди".

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Тожикистондаги нозирлари гуруҳи мамлакатда бўлиб ўтган сайлов ҳақида худди шундай хулосага келган.

Ташкилот чиқарган дастлабки хулосаларига кўра, Тожикистон президентлик сайлови халқаро андозаларга мос ўтмаган.

Чоршанба кунги сайловларда кутилганидек амалдаги президент Имомали Раҳмон ғалаба қозонган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти кузатувчилар гуруҳи раҳбари сайлов тинч ўтгани, бироқ ҳақиқий танлов имконияти берилмагани ҳақида гапирган.

Энди Тожикистонни 20 йилдан ортиқ вақтдан бери бошқариб келаётган Раҳмон жаноблари яна 7 йил раҳбарлик курсисида қолади.

Халқаро кузатувчиларга кўра, сайловолди кампанияси "номига ўтган ва сайловчиларни тўлақонли қарор олиш имконидан чеклаган".

"Жорий президент расмий фаолиятининг давлат матбуоти томонидан ҳар томонлама ижобий ёритилиши унга сезиларли устунликни берди", - дейилади Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти бошланғич ҳисоботида.

Расмий маълумотларга кўра, Раҳмон жанобларига 80 фоиздан ортиқ сайловчи ёки 3 миллион 200 минг одам овоз берган.

Нозирларга кўра, сайлов куни бир кишининг бир неча киши учун овоз бериши, сайлов қутиларини қалбаки овоз варақалари билан тўлдириш, овозларни ҳисоблашда қабул қилинган меъёрларнинг поймол этилиши кузатилган.

Сайловлар арафасида мухолифатдаги Тожикистон Социал-демократик партияси сайловларни бойқот қилишга чақирганди.

Партия сайловлар "Тожикистондаги миллий манфаатларга қарши" дея хулоса билдирганди.

Социал демократларнинг етакчиси Раҳматулло Зойиров президентлик сайловларини ноқонуний ва сохта деб эълон қилишни таклиф қилди.

Олдинроқ мамлакатга катта таъсирга эга Тожикистон Исломий партияси ўз тарафдорларини сайловларда қатнашмасликка чақирган, бироқ сайловларни бойқот қилишдан бош тортганди.

Кузатувчилар Тожикистон Исломий партиясининга мазкур қарорини ҳукуматнинг партияга кўрсатган босими сифатида баҳолашган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ