Москвадан 13 минг меҳнат муҳожири чиқариб юборилган

Image caption Биюлово ҳодисаларидан кейин Россияда муҳожирларга нисбатан муносабат ёмонлашган.

Москва шаҳар ҳокими Сергей Собяниннинг сўзларига кўра, йил бошидан буён Москва шаҳрида ноқонуний яшаб келган 13 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири ватанига қайтарилган.

Шунингдек, 42 мингдан зиёд хорижлик Россия қонунларини бузганлиги учун мамлакатга киритилмаган. Бу ўтган йилгига қараганда анча кўп, деб айтган Москва ҳокими.

Жаноб Собянин Москва меҳнат муҳожирларисиз яшолмаслигини, уларсиз шаҳар иқтисодий кўрсаткичлари пасайиб кетиши мумкинлигини тан олган. Лекин муҳожирлар вазиятини қаттиқ назоратга олиниши лозимлигини таъкидлаган у.

“Тўсиқни қаттиқ қўйиш керак. Ҳар бир келувчининг бармоқ изларини олиш лозим, уларнинг фотосурати, ҳужжатлари бўлиши шарт. Чегара хизмати аниқ иш кўрсин: ташриф буюрган меҳмон қонунни буздими, кейинги сафар сохта ҳужжат билан қайтиб келишига йўл қўйилмасин”, - деб урғулаган жаноб Собянин.

Россияда, хусусан пойтахт Москвада муҳожирлар билан боғлиқ вазият Бирюловодаги воқеалар ва москвалик 25 ёшли Егор Шербаковнинг ўлими орқасидан кескин ёмонлашди.

Рус миллатчилари муҳожирлар турган бозор ва ётоқхоналарга бостириб кириб, тартибсизликлар уюштирдилар.

Москвалик фуқаронинг ўлимига “Покровская” бозорида ишлаб келган озарбайжонлик меҳнат муҳожири Ўрхон Зейналов гумонланиб қўлга олинган.

Лекин муҳожирлар атрофидаги муаммолар бу билан камаймаган.

Октябр ойининг ўзида камида икки ўзбекистонлик муҳожир пичоқлаб кетилгани туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Россия Президенти Владимир Путиннинг муҳожирларга нисбатан қаттиқ текширувни талаб қилиши орқасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари билан бирга ўзини кўнгилли дружиначилар деб атаганларнинг ҳам муҳожирларга зўравонликлари кучайгани кузатилган.

19 ноябрда ҳам Москванинг “Садовод” бозорида 22 нафар меҳнат муҳожири ушланган, уларнинг ҳаммаси Марказий Осиё фуқаролари экани хабар қилинади.

Муҳожирларга нисбатан Россия муҳожирлик қонунларини бузганлиги ва “товар белгиси ноқонуний ишлатиб келингани тўғрисида ҳужжат имзоланиб, маҳкамага топширилган".

"Садовод" бозорида ҳаммаси бўлиб 728 киши ушланиб, уларнинг ҳужжатлари текширилган. Полицияга кўра, баъзи сотувчиларда совуқ қуроллар ва бир тўппонча ҳам топилган.