Чегара: Ўзбекистон ва Қозоғистон йилига 1 миллиард доллар йўқотаяпти

  • 22 Ноябр 2013
Марказий Осиёдаги энг муаммоли чегара
Image caption Марказий Осиёдаги энг муаммоли чегара

Жаҳон банки Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасини Марказий Осиёдаги энг муаммоли деб топди. Маърузада айтилишича, икки давлат чегарада товарларнинг ўтишини тўғри йўлга қўя олмагани учун бизнес бир йилда ўртача 1 миллиард доллар йўқотмоқда.

Солиштирриш учун Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги бир йиллик товар айланмаси тахминан шунчани ташкил қилади.

Kursiv.kz порталининг хабар беришича, Жаҳон банки томонидан тайёрланган “Бизнес юритиш” маърузаси муаллифлари чегара олди коррупция ва пайсалга солишлар Марказий Осиёдаги савдо ва иқтисодий муносабатларда қийинчилик туғдирмоқда деб ҳисоблайди.

Экспертлар Ўзбекистон ва Қозоғистон товарлар айланмасини тўғри йўлга қўя олмагани сабаб икки ўртада бизнес йилига тахминан 1 миллиард доллар йўқотаётганини таъкидлашади. Агар чегара узоқ муддатга ёпиладиган бўлса икки томоннинг бизнеси 3 миллиард доллар зарар кўради.

Ушбу рақамларнинг ҳақиқатга яқинлигини Ўзбекистондан озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилишга ҳаракат қилган тадбиркор Акбар Ҳусаинов ҳам тасдиқлайди.

“2004 йида Остона ҳокимияти билан “Остона шаҳрини озиқ овқат билан таъминлаш” номли катта лойиҳа ишлаб чиққан эдик. Унга кўра Тошкент вилояти ва Остона шаҳарлари тўғридан тўғри шартнома тузиб, Қозоғистонга маҳсулот олиб келиб пойтахт бозорларини таъминлаши керак эди. Лекин дастур ярмига ҳам бормасдан тугади. Ўша вақти Ўзбекистонда Вазирлар маҳкамаси озиқ овқат маҳсулотларини олиб чиқишни чекловчи қарор қабул қилди”, - дейди Акбар Ҳусаинов.

Натижада Тошкент вилояти бир йилда бир неча 100 миллион долларлик маблағдан қуруқ қолди. Остона маъмурияти эса шаҳарни озиқ овқат билан таъминлаш учун бошқа давлатлар билан шартнома имзолади. Бир миллионга яқин аҳолиси бор шаҳар ишлаб чиқарувчилар учун яхшигина бозор эканлиги айтилади.

Остона истиқомат қилувчи тадбиркорга кўра Ўзбекистондан товар олиб чиқиш фақатгина давлат экспорт компанияси орқали амалга оширилади ва тўлиқ монополиялаштирилган.

“Фақатгина “Узмарказимпекс” давлат эскпорт компанияси бор, шулар орқали олиб чиқишингиз мумкин. Лекин у ҳам шунақанги кўп тўсиқлар қўйганки, охирида келиб чиқадиган нархингиз бозорга тўғри келмай қолади. Ташқи бозорларда керак бўлган асосий маҳсулотлар, афсуски, фақат “Узмарказимпекс” орқали амалга оширилади”, - дейди Акбар Ҳусаинов.

Маъмурий тўсиқларнинг кўплигидан тадбиркорлар маҳсулотларни ноқонуний йўллар билан олиб чиқишга ҳаракат қилади. Бироқ бундай усул анча хатарли бўлиб вақти вақти билан ўтказиладиган махсус рейдлар бунга тўсиқ қўйиши ва тадбиркорнинг чўнтагига зиён келтириши мумкин.

Шу йилнинг 12 ноябр куни Ўзбекистонда яқин хорижга экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бутунлай тўхтатилиб қўйди.

Delovoimir.kz сайтининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органи ходимлари яширин йўллар билан маҳсулот экспорт қилишни фош қилишган ва унда бир неча юқори лавозимли давлат мутасаддиларининг ҳам аралашгани маълум бўлган.

Чегера олди савдодаги коррупция ва тўсиқлар туфайли Ўзбекистон ўзининг анъанавий бозорларини йўқотаётгани айтилади.

Кузатувчиларга кўра Қозоғистон шаҳарларида қуруқ мева билан савдо қилувчи ўзбекистонлик тадбиркорлар Ўзбекистондан деярли товар олиб келмай қўйган. Улар олис ва сифатсизроқ бўлса ҳам Эрон ва Хитойдан маҳсулот олиб келиб бозорларда сотишмоқда.

“Хўл ва қуруқ мева сотувчилар кўпроқ Хитой ва Эрон билан ишлаяпти. Остона бозоридаги 10 йиллик муддатни таҳлили қиладиган бўлсак, 2003 йили бозорларда Ўзбекистон маҳсулоти 80 фоизни эгаллар эди. Ҳозирги кунда 20 фоиз ҳам йўқ”, - дейди Акбар Ҳусаинов.

Тадбиркорлар мевага бой Ўзбекистон йўқотилган ушбу бозорни қайтариб олиш учун ҳали ҳам имконият борлигини айтишади. Бунинг учун давлат томонидан маблағ ажратилиши ёки қонунлар чиқарилиши шарт эмас. Аксинча ушбу бизнесга аралашмаслик ва қўйилган сунъий тўсиқни олиб ташлашнинг ўзи кифоя.