Идрисов: "Қозоқ жиҳодчилари пайдо бўлгани кутилмаган ҳол бўлди"

Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов
Image caption Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов

Ўтган ой диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича давлат дастурини қабул қилган. Давлат телевидениеси айни мавзуда қатор махсус кўрсатувларни намойиш этган. Қозоқ полицияси диний экстремизм ғояларининг ёшлар орасида тарқалишига қарши курашда ижтимоий тармоқ сайтларидан ҳам фойдаланмоқчи. Айни мақсадда анъанавий исломни тарғиб қилувчи "Э-Ислом" махсус вебпортали ҳам ишга туширилган. Би-би-сига гапирган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов қозоқ жиҳодчиларининг пайдо бўлиши ўзлари учун кутилмаган бир кўриниш бўлганини айтган.

Ерлан Идрисов: Қозоғистондаги дин билан боғлиқ вазият мураккаблашиши ва исломийлашув ҳақидаги савол жуда қизиқ, албатта. Сиз нимани назарда тутаётганингизни англаб турибман. Мен ҳозирги шароитни шундай тарифлаган бўлардим, мамлакатимиз фундаментализм ва радикализм хатарига қарши деярли тўлиқ иммунитет ҳосил қилиб бўлган. Исломнинг Қозоғистонга кириб келиш тарихи жуда қизиқ, Исломгача бўлган маданият Исломий маданиятга жуда катта таъсир кўрсатган. Исломгача бўлган урф-одатлар ва кийиниш Қозоғистоннинг бугунги Ислом маданиятида яққол кўзга ташланиб туради.

Би-би-си: Сиз Қозоғистонликларнинг Сурияга бориб, жиҳодчилар сафида жанг қилаётганини тан оласизми? Ва бунга муносабатингиз қандай?

Ерлан Идрисов: Қозоғистон фуқароларининг Сурияда жанг қилаётганлари ҳақидаги хабар бутун Қозоғистон жамиятини ларзага солди. Келинг, мен сизга конститутциямиз ҳақида бир оз маълумот берай. Конситутция биз учун узоқни кўзлайдиган маёқ вазифасини ўтайди. Унга кўра Қозоғистон дунёвий, замонавий, эркин ва иқтисодий мустаҳкам ривожланиш йўлини танлаган мамлакатдир. Шунинг учун, биз мураккаб бир... аниқроғи, мураккаб эмас, балки ўзимиз учун янги бир вазиятга юз тутдик. Бунда биз воқеъликни аниқ тушуниб етишимиз лозим. Бу ўта нозик масалани қандай ечишимиз керак? Сабаби, тарозининг бир палласида диний эркинлик турибди. Диний эркинлик Қозоғистонда ҳақиқатдан ҳам тўлиқ таъминланган. Иккинчи томонда, бу эркинлик фуқароларнинг бошқа ҳақ-ҳуқуқларига халақит қилмаслиги керак. Қозоғистон динни сиёсатга аралаштирмаслик тарафдори. Шунинг учун, Қозоғистонда Исломий ёки Насроний Демократик Партия ташкил этиш қатъиян маън этилади. Сўзсиз, бошқа турдаги демократик партиялар ташкил этиш мумкин, лекин улар асло миллатчи ёки диний омилларга асосланган бўлмаслиги керак. Чунки, Қозоғистон - турли миллат ва турли эътиқодларни жамлаган мамлакат. Биз ўзимиз учун қўшимча бош оғриқ ёки қўшимча жамиятни бўлишга қаратилган муаммоларни яратишни хоҳламаймиз.

Би-би-си: Қозоғистон ҳукумати мамлакат ёшларининг экстремистик оқимларга қўшилишидан нақадар хавотирда? Буни жиддий таҳдид сифатида кўрадими?

Ерлан Идрисов: Умид қиламизки, бизнинг тараққиёт бўйича танлаган сиёсатимиз асосий эътиборини инсон ресурслари сифатини доимий равишда ривожлантиришга қаратади. Ёшларимиз ўз келажакларини ўзлари ижобий ҳал этишларига кенг имкониятлар яратилади ҳамда уларнинг дунёқараши замонавий ва дуневий тараққиет асосида шаклланади. Шунинг учун, умид қилиб қоламизки, келажак авлод ҳам асосий қомусимизни акс эттирган ҳолда дунёвий, замонавий, эркин ва олдинга қараб ривожланиш йўлини танлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ