Тожик каналларида Қорбобо ва Қорқиз расман тақиқланди

Тожикистон давлат телевидениеси кўрсатмасига биноан, янги йил тантаналарида Қорбобо, Қорқиз ва арча бўлмайди. Янги йил куни Тожикистонда расман байрам ҳисобланади ва пойтахт Душанбеда шаҳар ҳокимияти ҳар йили баҳайбат арча ўрнатади.

Тожикистон телерадио кўрсатувларини узатиш бўйича қўмитаси раҳбарининг биринчи муовини Саидали Сиддиқовнинг РИАН хабар агентлигига айтишича, тожик давлат телеканалларида намойиш қилинадиган Янги йил тантана ва базмларида Қорбобо ва Қорқизга ўрин бўлмайди.

Унга кўра, Янги йил кўрсатувларида қиш, қор, мусиқа ва рақслар, тилаклар ва базм столи намойиш қилинади, бироқ Қорбобо ва унинг ҳамроҳлари, ҳамда спиртли ичимликлар кўрсатилмайди.

Жаноб Сиддиқов ўз қўмитаси каналларга бундай буйруқ бермагани, ва каналлар бу қарорни ўзлари мустақил равишда қабул қилганларини айтди.

Қўмита раҳбарининг яна бир муовини Дилафруз Амирқулова эса, ҳақиқий тантаналар Наврўз байрамида бўлиб ўтишини айтади. Унга кўра, Янги йил тантаналари ўта дабдабали бўлмаслиги учун Қорбобо ва Қорқизга охирги уч йилда унча эътибор берилмаяпти.

Тожикистонда Қорбобо ва Қорқиз мавқеига илк марта ҳамла қилинаётгани йўқ. Мамлакатда анъанавий қадриятларни, хусусан Исломни тарғиб қилувчи томонлар Янги йил насроний байрам эканини айтиб, уни умуман нишонламасликни сўраб келадилар.

Image caption Туркманистонда эса Қорбобо ва Қорқиз миллийлаштирилган

Ўтган йили Душанбеда Янги йил арафасида Қорбобо кийимида қариндошларини табриклаш учун йўл олган ёш йигит пичоқлаб ўлдирилганди.

Ҳужумчилар унинг кофир эканини айтиб ҳақорат қилганлар.

Янги йилни нишонлаш, ёки Қорбобо ва Қорқизни "таклиф қилиш" масаласи Ўзбекистонда ҳам ўтган йил кўтарилди. Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясидаги манба Би-би-сига оғзаки кўрсатмага биноан, Қорбобо, Қорқиз ва арча Янги йил кўрсатувларида намойиш этилмаслигини билдирган.

Жорий йилда "миллий қадриятлар"га зид экани айтилган Хеллоуин байрамини нишонлаш талабаларга тақиқланган.