Ўзбекистон Қозоғистон билан стратегик ҳамкорлик битимини ратификация қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Ҳар куни юзлаб ўзбекистонликлар тирикчилик илинжида Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишади

Ўзбекистон парламентининг юқори палатаси- Сенат Қозоғистон билан стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилган.

12.uz нашрининг хабар беришича, битим икки давлат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-инсонпарварлик, экология ва бошқа соҳалардаги алоқаларни мустаҳкамлашга изн беради.

Стратегик ҳамкорлик битими Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг шу йил14 июнида Тошкентга қилган ташрифи чоғида имзоланганди.

Қозоғистон Ўзбекистоннинг миньақадаги энг йирик савдо-иқтисодий шериги ҳисобланади.

Тошкентдаги қозоқ элчилиги берган маълумотга кўра, 2013 йилнинг тўққиз ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1 ярим миллиард долларни ташкил этган.

Айни пайтда Ўзбекистон ва Қозоғистон иқтисодий ривожланишнинг турли моделларини танлаган, Қозоғистон Россия етакчилигидаги иқтисодий интеграция лойиҳаларида фаол иштирок этиб келади.

Минглаб ўзбекистонликлар ҳар йили Қозоғистонга мавсумий иш излаб боришади.

Кузатувчилар аҳолиси энг кўп Ўзбекистон ва иқтисоди энг йирик Қозоғистоннинг минтақада лидерлик учун рақобат қилишини айтадилар.

Шу йилнинг июнидаги ташрифи чоғида Президент Каримов ва Президент Назарбоевлар икки давлатнинг рақиблар эмас, балки шериклар эканини таъкидлашган.

Давлат чегараси

Айни пайтда икки қўшни давлат ўртасида давлат чегараларини демаркация қилиш жараёни ниҳоясига етган.

Tengrinews.kz агентлигининг чегарадош Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Аcқар Мирзахметовдан иқтибос келтиришича, чегараларги махсус тўсиқлар ўрнатилган.

Қозоқ мулозимига кўра, давлат чегараларига аниқлик киритилиши икки давлат ўртасидаги минтақавий савдо алоқаларини "анчайин тараққий этган ўзан"га солишга имконият яратган.

"Чегарада ҳеч қандай муаммо йўқ", - деб айтган ҳоким.

Ўзбек-қозоқ чегарасининг умумий узунлиги икки минг километрдан кўпроқни ташкил этади.