'Туркманистон парламентида икки партия бўлишида маъни йўқ'

Image caption Якшанба кунги овоз бериш жараёнида мамлакат тарихида илк бор бирдан ортиқ партия иштирок этди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар Туркманистондаги парламент сайловлари натижаларини танқид қилишган.

Сайловларда Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга тарафдор партиялар ғалаба қозонган.

Танқидчиларга кўра, дунёдаги энг репрессив давлатларидан бири - Туркманистонда ҳақиқий ислоҳотлар фақат оғизда амалга оширилган.

Туркман расмийлари эса, мамлакат демократия томон қадам ташлаётганини айтадилар.

Кўппартиявийлик?

Якшанба кунги овоз бериш жараёнида мамлакат тарихида илк бор бирдан ортиқ партия иштирок этди.

Бироқ, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари газга бой Марказий Осиё давлатида ўтган сайловларда Президент Бердимуҳаммедовга мухолиф бирон бир партияни кўринмаганига урғу берадилар.

Давлат матбуотининг хабар қилишича, иқтидордаги Демократик Партия парламентдаги 125 ўриндан 47тасини эгаллаган, Президентга хайрихоҳ, янги ташкил этилган Саноатчилар Партиясига эса, 14 ўрин теккан. Жараёнда сайловчиларнинг 91.33% иштирок этгани айтилади.

Парламентнинг қолган ўринларини барчаси ҳукуматга вафодор бўлган касаба уюшмалар, аёллар ва ёшлар ташкилотлари ҳамда диний гуруҳлар қўлга киритишган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Туркман Ташаббуси Гуруҳи раҳбари Фарид Тухбатуллин парламентда икки партиянинг бўлиши ҳеч қандай маънони англатмайди.

Чунки, уларнинг ҳар иккиси ҳам Президент Бердимуҳаммедовга содиқ партиялар. Ҳақиқий мухолифат раҳбарлари ё қамоқда ва ё қувғинда.

Халқаро Амнести гуруҳи ҳам сайловларни танқид остига олган. Ташкилотга кўра, сайловлар "мутлақ репрессия, инсон ҳуқуқларига зид ва Туркманистонда йиллардан бери давом этаётган қўрқув" муҳитида бўлиб ўтган.

Туркманистонда аксари мусулмонлардан иборат 5.5 миллион одам истиқомат қилади.

Шахсга сиғиниш

Гарчи, аҳолининг катта қисми камбағал ҳисобланса-да, аксар туркманлар текин газ ва электр таъминотидан барҳаманд бўлишади.

Жаноб Бердимуҳаммедовдан олдинги 2006 йил вафот этган президент Сапармурод Ниёзов мамлакатда шахсга сиғинишни вужудга келтирган ва ўта ғайриоддий сиёсатлар олиб борганди. Масалан, опера тақиқланган, ойлар қайта номланган, жумладан, ўзи ва онасининг исмлари қўйилганди.

Танқидчилар Бердимуҳаммедов жаноблари ҳам ўзига хос шахсга сиғинишни яратаётганини айтадилар.

Бердимуҳаммедов ўтган йил қайта президент этиб сайланган ва расмийлар у 97 фоиз овозни қўлга киритганини айтишганди.

Бу мавзуда батафсилроқ