Ўш шаҳрининг янги ҳокими ким бўлади?

Бу нафақат Ўшдаги, балки Қирғизистоннинг сиёсий ҳаётидаги энг муҳим саволлардан биридир.

Аввалига 4 декабрда Бишкек шаҳар ҳокими Иса Омуркулов ўз ҳоҳиши билан истъефога чиқиши, кейинги кун эса Ўш ҳокими Мелис Мирзакматовнинг кутилмаганда ишдан олиниши аҳоли орасида турли баҳсларни пайдо қилди.

Ўш шаҳар ҳокимлигини 2009 йилдан бери қўлдан бермай келган Мелис Мирзакматовнинг Бош вазир Жанторо Сатибалдиев қарори билан ишдан олинишига, уни қамоққа олинган депутат Ахматбек Келдибековнинг тарафдорлари олдига чиқиб, ҳозирги ҳукуматни танқид қилгани сабаб бўлгани айтилади.

Ўш ва Бишкек шаҳарларида сайлов ўтказилиб, янги ҳокимлар сайлангунича, уларнинг вазифасини вақтинчалик бажарувчи этиб ҳоким ўринбосарлари тайинланган.

Президент Алмазбек Атамбаев 12 декабрда "Бишкек ва Ўш шаҳарларининг мақомлари" тўғрисидаги қонунга қўл қўйган, лекин ҳокимларни сайлаш куни ҳозирча номаълум.

Янги тартибга мувофиқ, қонун давлат расмий босилмаларда чоп этилганидан сўнг, Марказий Сайлов Комиссияси 10 кун ичида Бишкек ва Ўш шаҳар ҳокимларини, 20 кун ичида шаҳар кенгаши депутатлари ҳокимларни сайлашлари лозим.

Шундан келиб чиқиб, сайловлар 2014 йилнинг январ ойи ўрталарида ўтказилиши мумкин.

Номзодликка шаҳар кенгашидаги фракциялар ва бош вазир ўз инсонларини таклиф қила олади.

Мелис Мирзакматов бошчилигидаги "Улуттар Биримдиги" партияси Ўш шаҳар кенгашида кўпчиликни ташкил этади. "Улуттар Биримдиги" партияси 45 депутатлик ўриндан 22 тасига ва "Замандаш" партиясининг бир қўлловига эга.

Қолган 22 та депутат ўрни эса "Қирғизистон Социал Демократ Партияси", "Республика", "Ата Мекен" ва "Адилетуу Қирғизистон" партияларига тегишли.

Ҳали расман айтилмаган бўлсада, Ўшда аллақачон сайлов тайёргарликлари бошлаб юборилган. Партиялар орасида ўзаро музокаралар, бирлашишлар, кимни ҳокимликка номзод қилиб кўрсатиш, ҳаттоки бўлажак ҳокимни ким бўлиши ҳам олдиндан аниқлангандек кайфият ҳукмрон.

Ҳозирча юқорида келтирилган шаҳар кенгашидаги партиялар ўз номидан ёки коалиция номидан Ўш мэрлигига ягона номзод кўрсатгани йўқ.

Ҳокимликка асосий давогар Мелис Мирзакматовдан ташқари, бу ўринга Ўш ва Жалолобод шаҳарларини тиклаш Давлат Бошқаруви раисининг ўринбосари Айтмамат Кадирбаев, Ўш вилояти ва шаҳри Ички Ишлар Бошқармасининг раҳбари Суйун Омурзаков, Бош вазир ўринбосари Аали Карашев ва "Республика" партиясининг шаҳар кенгашидаги депутати Улан Примовнинг номлари тилга олинмоқда.

Афтидан, бўлажак сайловга марказий ҳукумат ҳам, маҳаллий ҳокимият ҳам астойдил киришгандек.

7 декабрда Ўшнинг марказий майдонида ишдан олинган собиқ ҳоким Мелис Мирзакматов ўз тарафдорлари билан учрашганда, унинг юзидаги хавотир, сўзларидаги нотинчликни сезиш қийин эмасди.

- Мени ноқонуний ишдан олишди. Ўн беш кундан кейин сайлов бўлади. Ҳозирча қонунни бузмай, сабр қилиб турайлик. Оз қолди. 23 депутат мени қўллашга ваъда беришди. Улар ўз ваъдаларида туришади. Сабаби, уларни бу ерга ким олиб келганлигини яхши билишади. Вақтинчалик ҳоким вазифасини бажарувчи Алимжан Байзаков, менинг биронта ручка, қаламим ҳам ўрнидан жилмасин. Мен албатта, яна қайта ҳоким бўлиб ўз ўрнимга келаман" - деган эди Мелис Мирзакматов йиғилганларга.

Шунингдек, Мирзакматов ўзининг "Улуттар Биримдиги" партияси "Онугу" партияси билан сиёсий келишув тузганлигини, бўлажак сайловларда ва шаҳарнинг ривожланишида бирга иш олиб боришларини билдирди.

Бу галги сайлов осон кечмаслигини сезиб турган Мирзакматов сайловда енгилиб қолса, ўз тарафдорларини митингга олиб чиқиб, марказий ҳукуматга таҳдид солиши мумкин.

Ҳар гал, сайловдан кейин бўлажак норози тарафларнинг митинг, пикетларини кузатиб, уларни тартибга солиш учун ҳуқуқ-тартибот идоралари сафарбар этилади.

Мабодо ўтказилаётган митинглар унчалик кучга эга бўлмаса, маҳаллий милиция ходимлари сафарбар этилиши билан чекланилади.

Аксинча, митинглар етарлича сиёсий тус ва кучга эга бўлса, у ҳолда ҳукумат тарафидан Бишкекдан маҳсус тайёргарликдаги гуруҳ жалб этилади. Бунга, 7 декабрда Мелис Мирзакматовни қўллаб ўтказилган Ўш марказий майдонидаги митинг яққол мисол бўла олади.

Ўш шаҳрининг қудратли хўжайини тўсатдан ишдан кетгач, шаҳарда номерсиз, ойналари қорайтирилган турли хил автомашиналар пайдо бўла бошлаган. Кимлардир бу автомашиналар марказий ҳукумат тарафидан Ўшга сайловга тайёргарлик кўриш учун юборилган дейишса, яна кимлардир уларни Мелис Мирзакматовнинг одамлари, сайлов олдидан маҳаллий аҳолида қўрқув уйғотиш учун юрибди дейди.

Бу ерда марказий ҳукумат мавқеи тушунарли, лекин Мирзакматов қандай ўринга эгалиги ҳақидаги савол ҳозирча очиқ қолаяпти.

Баъзи тахлилчиларнинг фикрича, марказий ҳукумат вақти келганда ўзига мухолиф дея ҳисоблаган Мирзакматовни бу галги сайловда қатнаштирмаслик учун бор имкониятини ишга солади.

У олиб борган 5 йиллик иши давомидаги камчиликларни топиб чиқиб, унга нисбатан жиноий иш очишлари ҳам мумкин. Бу ўз навбатида, Мирзакматовга қонунга мувофиқ тергов олиб борилаётганлиги сабабли, шаҳар ҳокимлигига номзодини қўйишга йўл қўймайди.

Шу йўл билан марказий ҳукумат ўз мухолифидан қутилмоқчи, дейди таҳлилчилар.

Агар марказий ҳукумат шундай йўл тутса, унда нафақат Ўшда, балки бутунлай Қирғизистонда янги йил, яна янги сиёсий воқеалар билан кутиб олиниши ҳеч гап эмас.

Бу мавзуда батафсилроқ