Ворух тожик анклавига элтувчи йўл қачон очилади?

Қирғизистон ҳудудидаги Ворух тожик анклавига элтувчи йўллар бугун ёпиқлигича қолмоқда.

Уч кун аввал чегарага яқин жойда ёниб кетган уй туфайли келиб чиққан можаро ортидан қирғиз ҳудудидан ўтадиган Исфана Ворух йўли тўсиб қўйилганди.

Қирғизистон вице президенти Токон Мамытов можаро жойига борган, унинг айтишича тожик чегарачилар йўлни очмаяпти, ва тожик чегарачилар очмагунча, қирғизистонликлар ҳам ўз томонини беркитиб ўтираверади.

Қирғиз тарафи аввалроқ жиноятчилар топилмагунча йўлни очмасликларини айтишганди. Бу биринчи марта маиший айтишувлар ортидан йирик чегара муаммоси келиб чиқиши эмас, албатта.

Хўш, Тожик қирғиз, қирғиз ўзбек чегарасидаги муаммолар нега қайта қайта содир бўлади?

Би-би-си бу ҳақда чегара муаммоларини ўрганган қирғиз таҳлилчиси Руслан Ташанов билан суҳбатлашди.

Руслан Ташанов: Бу каби муаммолар остида бир неча сабаблар ётади. Биринчидан, бу ўзаро ҳал қилмаган ва баҳс отида бўлган ерларнинг жуда кўплиги. Бу каби ҳудудлар Қирғизистон ва Тожикистон, ҳамда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида мавжуд. Бу масала бугунги кунда жуда долзарб бўлиб турибди, чунки шу кунгача Қирғизистоннинг тожик ва ўзбек қўшнилари билан чегаларда демаркация ва делимитация ишлари охиригача олиб борилмаган. Иккинчидан, биз халқ дипломатияси деган анъанани унитиб қўйганмиз. Қадимдан, тожиклар, қирғизлар, ўзбеклар, умуман барча қўшнилар савдо муносабатларини қўллаб қувватлаб келганлар. Совет Иттифоқи қулаши билан биз бундай муносабатларни анча йўқотиб қўйдик. Учинчидан, музокаралар қай даражада олиб борилаяпти? Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара муаммоларига келсак, бу масала нақадар юқори даражада кўриб чиқилаяпти? Ва улар нақадар муваффақиятли бўлаяпти? Ва ниҳоят, гап шундаки, бу давлатлар ҳамма томонларнинг манфаатлари ҳисобга олинадиган олтин нуқтани ҳали ҳам топиша олгани йўқ.

Би-би-си: Нима учун шу нуқтани топиша олмаяпти деб ўйлайсиз? Чегара муаммолари инсон танасидаги эски ярадек ҳар ҳар замонда оғриб келади, ва ҳар сафар афтидан ҳукуматлар бу муаммони ечимсиз қолдириб, ортга сурадилар, ва у яна чиқиб келаверади. Нега охиригача ўтириб, ҳал қилиб қўя қолишмайди деб ўйлайсиз?

Руслан Ташанов: Менинг ўйлашимча, ҳукуматлар бахс остидаги ҳудудлар борасида фарқли қарашларга эгалар. Улар бир бирига ён беришдек дипломатик мавқени эгаллашдан кўра, баҳс қилишда давом этадилар ва ҳеч ён бермайдилар. Ҳар бир тарафнинг ўзида хариталар бор, Қирғизистон тарафи бир харитага қараб иш тутса, масалан Ўзбекистон тарафи ўзидаги харитага қараб иш тутади. Мана шундай бир бирига ён бермасдан иш тутишдан давом этишлари туфайли бу масала ўлик нуқтадан жилмайди.

Би-би-си: Сиз бахс остидаги чегара ҳудудларини мониторинг қилиб борасиз. Бу муаммони ўрганган мутахассис сифатида, сиз чегара бошоғриғидан қутулиш йўлларини нимада кўрасиз? Қандай муросага келса бўлади?

Руслан Ташанов: Бу давлатлар орасида бахс остидаги ҳудудлар хусусида муросага эришишга бир неча марта ҳаракат қилинди. Баъзилари муваффақиятли бўлди деса ҳам бўлади, лекин аксарияти муваффақиятсиз бўлди. Менинг фикримча, ҳозирги босқичда бу муаммога жаҳон ҳамжамиятини, аниқроғи учунчи давлатларни жалб қилиш лозим. Бирлашган миллатлар ташкилоти бўладими, ёки бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ўзаро воситачи сифатида музокараларга бошчилик қилишлари керак деб ўйлайман.

Бу мавзуда батафсилроқ