Тожикистон: Президентга яқин кишилар ўғирланган BMW машиналарида юрадими?

Олмониянинг энг машҳур нашрларидан бири "Bild"нинг манбаларига кўра, Тожикистонда Олмониядан ўғирлаб кетилган люкс тоифасидаги машиналар, жумладан 93 BMW борлиги аниқланган, деб ёзади Би-би-сининг Тожикистондаги мухбири Анора Саркорова.

Бу мавзудаги мақола "Bild" рўзномасида чоп этилган.

Унда айтилишича, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонга энг яқин шахслар ана шу ўғирланган автомашиналарда юришади.

Бироқ Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги мақолада келтирилган маълумотларни рад қилиб, уни "бир томонлама, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва афсусланарли" деб атаган.

"Ташқи Ишлар вазирлиги бу хабарнинг ҳақиқийлигига шубҳа билдиради. "Олмониядан олиб келинадиган машиналар бизга етиб келгунча, бир неча давлат чегараларини ва албатта божхона масканларини кесиб ўтади. Агар ҳужжатларда камчиликлар бўладиган бўлса, улар аллақачон ушланган бўларди", деб айтади вазирликнинг матбуот бошқармаси вакили Абдулфайз Атоев.

Шу билан бирга у Тожикистон ҳукумати Олмония нашрининг бу хабарини текшираётганлигини маълум қилади.

"Bild" нашрининг келтиришича, Олмониянинг ушбу масаладаги бир қанча сўровларига расмий Душанбе жавоб бермаган.

Мақолада айтилишича, 93 BMW ва бошқа русумдаги замонавий машиналарга ўрнатилган компютер воситалари масофасидан қатъий назар машинанинг қаердалигини аниқлашга имкон беради.

Жиноятчилар машиналарни ўғирлаган пайт ундаги компютер тизимларини ишдан чиқаришга ёки вақтинчалик тўсиб қўйишга ҳаракат қилишади.

Олмонияда ҳар йили 14 минггача машина ўғирланади. Машина ўғриларининг уюшган гуруҳлари мамлакатда кенг тарқалган ва уларга қарши кураш маҳаллий полициянинг асосий муаммоларидан саналади.

"Bild"нинг Олмония суриштирув идоралари маълумотларига асосан ёзишича, махсус ускуна орқали Тожикистонда Олмонияда ўғирланган 200 га яқин машиналар борлиги аниқланган.

У машиналар президент атрофидаги кишиларга тегишли, деб келтиради "Bild".

"Қандай қилиб кимнинг қариндоши эканлигини аниқлашибди? Бундай даъволар учун исбот борми ўзи? Агар бўлса бизга кўрсатишсин олдин",- дейди Тожикистоннинг Олмониядаги элчиси Имомиддин Сатторов.

"Нимага энди аниқловчи ускуна фақат Тожикистонда ишлади? Бошқа давлатларда олдин бу рўй бермади? "Bild" бу ҳақда тожик элчихонасига мурожаат қилган, биз жавоб берганмиз. Лекин нимагадир бизнинг жавобларимиз босилмади. Балки тожик-олмон муносабатларининг яхшилиги ёқмайдиган бошқа кучлар бордир",- деб айтади Тожикистон элчиси.

"Bild" нашрига кўра, Душанбедаги немис дипломатлари бир неча бор Тожик ҳукуматига ўғирланган машиналар бўйича мурожаат қилган, лекин жавоб ололмаган.

Олмонияда чиққан баҳсли мақолага муносабат билдирган тожикистонлик таҳлилчи Шокиржон Ҳакимов шундай машиналар Тожикистонда бўлиши мумкин дейди.

"Собиқ Иттифоқ республикаларининг аксариятида коррупциянинг юқори даражадалигини ҳисобга олсак, уларнинг ҳудудидан Олмониядаги жиноий гуруҳлар томонидан Оврўподан ўғирланган машиналар олиб ўтилади ва улар бу мамлакатлардаги ҳамкорлари билан келишишларига шубҳа қилинмайди".

"Тожикистонда қимматбаҳо машиналарни фақат бадавлат, юқори лавозимдаги кишилар, уларнинг фарзандлари, қариндошлари минишар экан, ўғирлангани айтилаётган машиналар айнан уларнинг қўлига тушишидан ажабланмаса ҳам бўлади", қўшимча қилади тожикистонлик таҳлилчи.

Шу йилнинг октябр ойида Тожикистон Ташқи Ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий Берлинга сафарини охирги дақиқада бекор қилган. Олмония ҳукумати музокараларда ўғирланган машиналарга боғлиқ масалани кўтармоқчилиги бунга сабаб бўлгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ