Владивостокдаги туғруқхона яқинида кўзи ёриган аёл Ўзбекистонга қайтган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзбекистонлик она полициянинг аралашувидан сўнг туғруқхонага қабул қилинган

Шу йилнинг 6 ноябр куни Владивостокдаги туғруқхона яқинида кўзи ёришига бир баҳя қолган ўзбекистонлик Шоира Улашева уйига қайтган.

Россия ахборот воситаларининг бу ҳақдаги хабарини Владивостокдаги ўзбекистонликларнинг "Адолат" ташкилоти раҳбари Баҳодир Нураков Би-би-сига тасдиқлади.

Ўзбекистонлик муҳожир она айни ташкилотнинг молиявий кўмагида поездда ватанига қайтарилган.

13 декабр куни Россия маҳкамаси Шоира Улашевани мамлакатдан чиқариб юборишни кечиктириш ҳақида қарор қабул қилган эди.

Ушбу қарор ўзбекистонлик онага янги туғилган фарзандига ҳужжатларни расмийлаштириш имконини бериш мақсадида қабул қилингани айтилган.

Шоира Улашеванинг Россияда қонуний муҳожир бўлган турмуш ўртоғи ишлаб, оиласига пул жўнатиб туриш мақсадида Владивостокда қолган.

6 ноябр куни Шоира Улашева Владивостокдаги туғруқхона яқинида кўзи ёришни бошлаган, шифокорлар уни зарур ҳужжатлари йўқлиги учун қабул қилишмаган.

Яқин-атрофдаги одамлар полиция чақиришган.

Полициянинг аралашувидан сўнг муҳожир аёл туғруқхонага қўйилган ва у фарзандини дунёга келтирган.

Полиция шифохона маъмуриятига нисбатан текширув бошлаган, аммо шифокорларнинг ҳаракатларида жиноят таркиби аниқланмаган.

Текширувлар жараёнида Шоира Улашева 2011 йилда Россияга кириб келгани ва рухсат этилган муддат-90 кундан кейин ватанига қайтмагани аниқланган.