Сўров: Россияда диндорлар сони кўпаймоқда

Image caption Ислом Россияда иккинчи анъанавий йирик дин саналади

"Левада-центр" ўтказган сўров натижаларидан маълум бўлишича, Россияда Православ ва Ислом динига эътиқод қилаётганлар сони кўпайиб бормоқда ва ўзини даҳрий санайдиганлар камаймоқда.

Сўровга кўра, сўнги 11 йил ичида православ насронийлар 18 фоизга кўпайган.

Агар 2002 йилда сўралганларнинг ярми ўзларини православ ҳисоблашган бўлса, 2013 йилга келиб, уларнинг сони 68 фоизга қадар ўсган.

Ушбу вақт мобайнида Россиядаги мусулмонлар сони 4 фоиздан 7 фоизга ошган.

Сўралганларнинг 1 фоизи бошқа диний жамоаларга мансубликларини айтганлар.

Ўзларини динсиз, деб атайдиганлар сони эса 32 фоиздан 19 фоизга қисқаргани айтилади.

У ёки бу динга мансублигини айтган одамлар сонининг кўпайганига қарамай, Россияда фаол диндорлар сони унча кўп эмас.

Диндорларнинг кўпчилиги ибодат учун черков ёки масжидга доимий бормасликлари маълум бўлган.

Уларнинг 35 фоизи ҳеч қачон жамоат билан бирга ибодат қитлмаганликларини айтишган.

1 фоиз одам ҳафтада бир неча марта черков ёки масжидга боришини айтган.

Сўралганларнинг 16 фоизи йилда бир марта черков ё-да масжидга боришини билдирган.

Диний озчилик

Россияда Ислом анъанавий тарзда иккинчи йирик дин бўлиб келган.

Сўнгги пайтларда мусулмонлар сони Россияга иш излаб бораётган собиқ совет шарқининг мусулмон аҳолиси ҳисобига кўпайиб бораётгани айтилади.

Ҳайит намозида мусулмонларнинг масжидларга сиғмай, кўчаларда саф тортишлари бугун Москва учун одатий манзарага айланган.

Мусулмонлар сонининг кўпайиб бораётганига қарамай, ўтган ой Москва ҳокимияти янги масжидлар қурилишига рухсат бермаган.

Пойтахт мэри Сергей Собянинга кўра, Москвада масжидлар етарли.

"Москва масжидларида байрам намозларини адо этаётганларнинг 60-70 фоизи четдан келганлар", - деб айтган жаноб Собянин.

У ҳозирда фақат "Олимпия" спорт мажмуаси яқинидаги масжид қурилиши бораётгани, бошқа биронта ҳам янги масжидга рухсат бермаганини маълум қилган.

Расмий рақамларга кўра, Россия аҳолисининг 23 миллиондан кўпроғи ўзини Ислом динига мансуб деб ҳисоблайди.

Мамлакатда 8 мингдан кўпроқ масжид бор.

Бу аксарият аҳолиси мусулмон бўлган 30 миллионлик Ўзбекистондаги масжидлар сонидан икки баробар кўпдир.