Тожикистонда Янги йил расман тақиқланди

Image caption Давлат телеканалларида Қорбобо ва Қорқизни кўрсатиш тақиқланган

Тожикистон фан ва таълим вазирлиги янги йил арафасида мамлакатнинг барча таълим муассасаларига тавсиянома йўллаган.

Унга мувофиқ, янги йил тадбирларини ўтказиш қатъиян тақиқланади ва совғалар сотиб олиш мақсадга мувофиқ эмас, деб ҳисобланади.

Би-би-сининг Душанбедаги журналисти Анора Саркорованинг хабар беришича, бу йил мамлакат тарихида биринчи марта давлат телеканалларидаги янги йил дастурлари Қорбобо, Қорқиз ва ҳатто арчасиз ўтади.

Расмийларга кўра, буларнинг ҳаммаси тожикларнинг миллий анъаналарига зиддир.

'Исломга зид'

Тожикистонда сўнгги йилларда янги йил тадбирларини бутунлай бекор қилиш масаласи муҳокама этиб келинади.

Мухбиримизга кўра, "янги йил масаласи" қизғин баҳсу мунозаралар мавзусига айланган ва жамиятда бўлинишларга сабаб бўлган.

Тожикларнинг бир неча авлоди учун совет давридаги 1 январга ўтар кечаси янги йилни қутлаш анъанага айланган ва улар ўз тарихларига ҳурмат билан муносабатда бўлинишини исташади.

Айни пайтда иккинчи тоифа Григорий тақвими бўйича янги йилни насронийларнинг байрами, деб ҳисоблайди ва бекор қилиниши кераклигини айтиб келади.

Тожикистон муфтийси Сайидмукарам Абдуқодирзода аввалроқ янги йил байрамини бекор қилишга чақирган.

"Григорий тақвими бўйича янги йилни қутлаш нафақат Ислом қонунлари, балки тожикларнинг анъаналарига ҳам хилофдир. Бизда ўзимизнинг яхши байрамларимиз кўп", - деб айтган Тожикистон муфтийси.