"Тақиқ"қа қарамай Душанбеда Қорбобо кўриниш берди

Тожикистонда Янги Йил рамзи бўлмиш Қорбобо ва Қорқизнинг тақиқланиши ҳақидаги хабарларга қарамай мамлакат телевидениесида қайта-қайта кўриниш берган.

Жумладан Тожикистон Президентининг мактаблардан бирига қилган сафарини кўрсатган биринчи канал хабарида Қорбобо бор эди.

Кейинчалик пойтахт Душанбе кўчалари бўйлаб оқ соқолли ва қизил чопонли Қорбоболар сайр қилишаётгани ҳам кўрсатилган.

Биринчи канал дастур бошловчиси мамлакатда Қорбобо тақиқлангани ҳақидаги хабарларни рад этган.

31 декабр Янги Йил арафасида ушбу каналнинг асосий янгиликлар хабарномасида Душанбенинг асосий майдонида Қорбоболар сайрга чиққан шаҳарликлар билан байрам қилишаётгани ҳам кўрсатилган.

Давлат қарамоғидаги яна бир канал Сафина ТВ дан Талабшо Муқим аввалроқ Қорбобо "миллий рамз эмас"лиги сабабли телевидение орқали кўрсатилмаслигини айтганди.

Давлат телевидениесининг яна бир расмийси декабр ойи ўрталарида "бу эртаклардаги қаҳрамонлар бизнинг миллий анъаналаримизга ҳеч қандай алоқаси йўқ"лигини айтиб, телевидение барномаларида кўрсатилмаслигини айтганди.

Бу каби "англашилмовчилик" 2012 йил охирларида Ўзбекистонда ҳам рўй берганди.

Телевидение орқали Қорбобони кўрсатиш ман қилингани ҳақидаги хабарларга қарамай Янги Йилни нишонлаш даврида у бир неча бор барномаларда кўриниш берганди.

Таҳлилчиларга кўра, Янги Йилни нишонлаш йирик байрам ҳисобланиб келган Марказий Осиёда мамлакатлар раҳбарлари аҳолини шўролар даврида амал қилиб келинган русумлардан узоқлаштиришга ҳаракат қилиб келмоқдалар.