Берлин Тожикистондан ўғирланган машиналарни қайтариш талабида қатъий

Image caption Аксарият олмон машиналарида GPS қидирув-кузатув ускунаси бор

Олмон мулозимлари Тожикистон ҳукуматига ўғирланган машиналарни қайтариш талаби билан жиддий босим кўрсатишмоқда.

Берлин адлия мулозимларига кўра, Тожикистонда 200 атрофида ўғирланган олмон машиналари бор.

Берлин даъво қилаётган ўғирланган қимматбаҳо машиналар Тожикистонда икки йил аввал пайдо бўлган экан.

Берлин Адлия вазири Томас Ҳайлман Душанбе мулозимларига расмий мурожаат билан чиқиб, ўғирланган машиналар мусодара этилиши ва қайтарилишини талаб қилган.

Тожикистон мулозимлари эса бу каби айбловларни, хусусан, ўғирланган машиналар қудратдаги раҳбарларга яқин шахсларнинг мулкига айланганини кескин рад этишмоқда.

Икки йил аввал Тожикистонда 200 яқин ўғирланган машиналар борлиги текширувлар давомида аниқланган.

Берлин шаҳар Адлия идорасидан Лиса Яника кўра, Олмон ва Литвалик мутахассисларнинг ҳаракатлари билан бу машиналар Тожикистонда эканлиги аниқланган.

Унинг Би-би-сига айтишича, 200га яқин машина Тожикистонда эканлиги аниқланган ва улар орасида GPS қидирув ускунаси ўрнатилган BMW русимидаги машиналар ҳам бор.

Бу текширувлар икки йилдан ортиқ давом этган.

Берлин томони Душанбедан машиналарни қайтаришга доир талабини биринчи марта изҳор этаётгани йўқ.

Тожикистоннинг Берлиндаги элчихонаси вакилларига кўра, Берлиннинг бу даъволари асоссиздир ва қудратдаги шахсларни айблаётган матбуот атайдан мамлакат раҳбариятининг номини қоралашга уринмоқда.

Аммо Берлиндагилар ўз машиналарини қайтариш учун ҳаракатларни тўхтатадиган кўринмайди.

Оврўподан ўғирланган машиналарни собиқ Шўро давлатларида сотиш йирик жиноий бизнес саналади.

Тожикистон ҳукуматидагиларга яқин шахсларнинг гўё ана шу ўғирланган машиналарда юришлари эса айни масалага жиддий сиёсий тус бермоқда.

Бозор фақат Тожикистондами?

Image caption Олмон машиналарининг бозори ҳар ерда чаққон

Ғарб давлатларида ўғирланган машиналарнинг Марказий Осиёдаги йирик бозорларидан бири Тожикистон бўлиб қолмоқда.

Мутахассисларга кўра, қўшни Қирғизистонда ҳам вазият Тожикистондагидан кескин фарқ қилмайди.

Аммо Бишкекдаги мулозимлар Ғарбнинг сўнгги русумидаги қимматбаҳо араваларида юришдан бир маънода ийманишади.

Матбуот ва омманинг ортиқча эътибори ва эҳтимол, кузатувчиларга бот-бот турфа сабаблар билан норозилик намойишлари ва инқилоблар Қирғизистон ҳукуматидагиларни бир маънода “ҳушёрроқ” бўлишга ундайди.

Тожикистон эса вазият бошқачароқ...

Аксарият ҳукумат мулозимлари ва уларнинг яқинлари айнан қимматбаҳо машиналарни кўз-кўз қилиб юришни ёқтиришади.

“Машинангиз, ҳовлингиз ва эгнингиздаги кийим – қудрат белгиси саналади. Қанчайин дабдабалироқ бўлса, шунча яхши...Атрофдагилар ҳам шунга қараб муносабатда бўлишади. Фуқаролар уруши вақтида ва ундан кейинги илк йиллар кўчаларда автомат кўтариб ва ё тўппонча тақиб юриш урф бўлган эди. Ҳамма сиздан қўрқарди, ҳурмат қиларди...Халқ ҳам мулозимлар ҳам ўрганиб қолганди бунақа муносабатга, энди эса қурол олиб юрмайсиз, қиммат машина сотиб оласиз, қаср қурасиз”, дейди маҳаллий бизнесменлардан бири.

“ Тожикистонда деярли ҳамма мана ўн йилдан ортиқ иномаркада юради, янгими, эскими, ўғирланганми фарқи йўқ. Нима учун ҳозир билиб қолишди бу машиналарнинг ўғирланганини? Чунки тепадагилар очкўз бўлиб кетишди. Энг қимматларини ўзларига, болаларига, қариндош-уруғларига бериб қўйишди...Пуллари кўпайди. Улар суриштирмагандан кейин бу машиналарни оддий одамлар нима қилсин”, деб куйинади Хўжандлик такси ҳайдовчиси Баҳодир.

Ўзбекистоннинг “текширувлари” беғаразми?

Image caption Ҳар йили Тожикистонга Оврўпонинг юзлаб асосан эски машиналари келтирилади

Ўзбекистон мулозимлари қўшни Тожикистонга кириб келаётган минглаб машиналарга бугунга қадар кўз юмиб келишган.

Аммо Ғарб матбуотида Тожикистон мулозимларининг гўё ўғирланган машиналарда юриши ҳақида хабарлар пайдо бўлиши билан Ўзбекистон ҳам текширувларни бошлаб юборган кўринади...

Куни кеча Ўзбекистон божхона қўмитаси ходимлари 20 та люкс русумидаги машиналарни ноқонуний олиб ўтиш ҳаракатида бўлган тожикистонликдан ушлаб қолгани хабар қилинди.

12uz аталмиш ҳукуматпараст нашр ҳатто Оврўпода ўғирланиб Тожикистонга келтирилаётган машиналар ҳақидаги хабарида Президент Имомали Раҳмоннинг ўғли Рустам Имомалининг номини ва касбини ҳам қистириб ўтишни унутгани йўқ.

Тожикистон мулозимлари эса Ғарб матбуотидаги хабарлар, хусусан, Президент Раҳмоннинг яқинлари Олмониядан ўғирлаб келинган қимматбаҳо машиналарда юриши ҳақидаги даъволарни рад этишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ