Ўш шаҳар ҳокимлигига сайлови олдидан таҳдидли варақалар тарқалган

Image caption "Сайловолди жараёнида жирканч ўйинлар бошланган..."

Ўш шаҳар кенгашининг ўзбек миллатига мансуб бир қатор депутатларига таҳдид битилган варақалар тарқатилган.

Бу варақаларда депутатларнинг таржимаи ҳоли ва манзилларига доир маълумотлар акслангани айтилмоқда.

Маҳаллий мулозимларга кўра, саккиз нафар депутатларнинг аксарияти шаҳарнинг собиқ ҳокими Мелис Мирзакматов барпо этган “Улуттар биримдиги”, яъни “Миллатлар бирлиги” партияси аъзоларидир.

Лекин уларнинг орасида асосчиси давлат раҳбари бўлган Кирғизистон социал-демократик партияси аъзоси ҳам бор.

Ўтган йил 12- декабрида Президент Алмазбек Атамбаев имзолаган “Бишкек ва Ўш шаҳарларининг мақоми” тўғрисидаги қонунга кўра, Бишкек ва Ўш шаҳарларининг ҳокимларини шаҳар кенгашидаги депутатлар яширин овоз бериш орқали беш йиллик муддатга сайлайдилар.

Ҳокимликка номзодларни эса, шаҳар кенгашидаги фракциялар ва Бош вазир кўрсата оладилар.

Сайлов депутатларнинг учдан икки қисми қатнашгандагина, бўлиб ўтди, дея ҳисобланади.

Шаҳар ҳокими сайлови 15 январь кунига режаланган.

Бу галги сайлов осон кечмаслигини сезаётган собиқ Ўш ҳокими Мирзакматов, агар сайловда енгилиб қолса, ўз тарафдорларини норозилик намойишларига олиб чиқиш билан таҳдид қилган эди.

Варақаларда нима гап?

Image caption Варақалардаги "қаҳрамонлар" собиқ ҳокимнинг тарафдорлари экани айтилади

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасининг матбуоти котиби Замир Сидиқовга кўра, ўзбек миллатига мансуб фаоллар ҳақидаги варақалар шаҳар бозори ва аҳоли зич жойлашган маҳаллалардан топилган.

Бу варақаларда нафақат суратлар ва депутатларнинг шахсий маълумотлари, балки уларнинг телефон рақамлари ҳам кўрсатилган.

Бу сайловолди жараёнидаги жирканч кўриниш ўлароқ таърифланмоқда.

Ўшлик фаоллардан бири Иззатулло Раҳматуллоев сайловолди жараёнда фақат ўзбек депутатларга қарши деб қаралаётган бу ҳодиса шундоқ ҳам нозик қолаётган миллатлараро муносабатларни таранглаштиришидан хавотирда.

Варақалар нишони остида бўлган депутатларнинг аксарияти Ўшнинг собиқ раҳбари Мелис Мирзакматов партияси аъзоларидир.

Тарихча ўрнида

Image caption Ўшдаги сайлов президент Атамбаев қудрати учун синовлардан бири бўлиши мумкин

Ўтган йил 4 декабрида Бишкек шаҳри ҳокими Иса Ўмурқулов ўз ҳоҳиши билан истъфога чиққан, кўп ўтмай Ўш шаҳрининг ҳокими Мелис Мирзакматов Қирғизистон Бош вазири буйруғига биноан ишдан олинган эди.

Унинг ишдан олинишига, Ўш марказида порахўрликда айбланаётган парламент депутати Ахматбек Келдибековнинг тарафдорлари олдига чиқиб, марказий ҳукуматни танқид қилгани сабаб бўлган.

25 декабрда Ўш шаҳар кенгашида ҳам қатор ўзгаришлар рўй берди, яъни “Ҳақиқат, Бирлик" - Акыйкат, Ынтымак” дея номланувчи янги кўпчилик коалицияси тузилди.

Бунгача, шаҳар кенгашидаги 45 депутатлик ўрнидан 21 ўринга эга собиқ ҳоким Мирзакматов бошчилигидаги “Миллатлар Бирлиги” партияси, “Замондош” ва “Қирғизистон Ҳалқ Демократик” партияларининг қўллови билан кўпчилик коалицияни ташкил этар эди.

Қолган 22 депутатлик ўринлар эса “Ота Макон”, “Қирғизистон Социал-Демократлар”и, “Республика” ва “Адолатли Қирғизистон” партиялар орасида тақсимланган.

Кутилмаганда, Қирғизистон Марказий сайлов қўмитаси қарори асосида, “Замондош” партиясининг вакили Нурадил Жолдошев депутатликдан чақиртириб олинди. Унинг ўрнига 25 декабрда шаҳар кенгаши йиғилишида партия номидан Қамчибек Мамбетов янги депутат этиб тайинланди ва у ўша заҳотиёқ озчилик коалицияга қўшилди. Шундан кейин озчилик коалиция кўпчиликка, кўпчилик коалиция эса озчиликка айланди.

Бу мавзуда батафсилроқ