Қирғиз-Тожик чегарасидаги вазиятга доир келишувга эришилган

Image caption Душанба куни чегарадаги вазият барқарор экани хабар қилинди

Қирғизистоннинг Боткен вилояти марказида кечган тожик-қирғиз вакиллари музокараларида бугундан бошлаб чегара минтақасида ҳар икки томон ички ишлар вазирлиги ходимларининг патрул гуруҳи фаолияти йўлга қўйилишига келишилган.

Ҳар икки давлат ички ишлар вазорати ходимлари баҳсли ҳудудларни биргаликда назорат қилишади.

Бу ҳақда Тожикистон мулозимлари хабар қилишган.

Тожикистоннинг Азия- плюс хабар агентлиги, Сўғд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жумабой Сангиновнинг сўзларидан иқтибос келтириб ёзишича, « Тожикистон томони қўшниларига давлатлараро келишувга мувафиқ давлат чегараларининг баҳсли ҳудудларида ҳар қандай қурилиш ишлари тақиқланади. Шунингдек, биз Қирғизистон томонидан баҳсли ҳудуддан кечадиган Оқсой-Томдиқ йўл қурилишини тўхтатишни сўрадик”, деб айтган тожикистонлик мулозим.

Мулозимга кўра, бугунги кунда ҳар икки томон ҳам бўлиб ўтган отишмага доир ўз текширувларини бошлаган.

Бу текширувлар якунланганидан кейин улар маълумотлар алмашиш ва айбдорларни жиноий жавобгарликка тортишга келишганлар.

Аввалроқ, Бишкек ва Душанбе бир-бирларини биринчи бўлиб ўт очишда айблашган эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, қарийб бир соат давом этган отишмада ҳар иккала томондан ҳам ўндан ортиқ чегарачи жароҳат олгани айтилмоқда.

Тожикистон Ташқи Ишлар вазирлиги аввалроқ баёнот билан чиқиб Қирғизистон чегара ҳудудларига доир давлатлараро келишувни ҳурмат қилмаган дея иддао этган эди.

Қирғизистон мулозимлари эса отишма учун масъулиятни Тожикистон чегарачиларига юклашмоқда.

Бишкек Чегара хизмати даъвосига кўра, Тожикистон томони отишмани биринчи бўлиб бошлаган ва автомат қуролдан ташқари, минамётлардан ҳам ҳужум қилган.

Тожикистон чегарачилари эса 11 январ куни рўй берган отишмага доир расман изоҳ беришгани йўқ.

Қирғизистон Чегара хизмати эса Душанба куни тонгда чегарадаги вазият нисбатан осойишта эканини хабар берган.

Баҳсли ҳудуд

Тожик тарафининг айтишича, Қирғизистон 7 январда эришилган келишувга хилоф равишда баҳсли ҳудуддаги йўл қурилишини давом эттиришга уринган.

Аммо Қирғиз чегара хизмати мабуот котиби Гулмира Бўрибоева Би-би-си билан суҳбатда йўл қурилиши Қирғизистон ҳудудида олиб борилаётганини урғулади.

"Муқобил йўл қурилиши Қирғизистон ҳудудида олиб борилаяпти", - деб айтди қирғиз чегара қўмитаси вакили.

Унинг сўзларига кўра, йўл қурилиши фуқаролик ташкилоти томонидан олиб борилмоқда ва Чегара қўшинлари ҳамда Ички ишлар вазирлигининг ҳарбийлари у ерда фақат хавфсизликни таъминлаш учун жалб этилган.

"Чегаранинг айни ҳудудида Қирғизистон Республикасига тегишли. 7 январ куни икки давлат бош вазир ўринбосарларининг учрашуви чоғида қирғиз томони йўл қурилиши давом эттирилишини аниқ-таниқ айтган", деб айтди Гулмира Бўрибоева.

Унинг таъқидлашича, агар келажакда, давлат чегараларини аниқлаш жараёнида ушбу ҳудуд Тожикистонга ўтиб қоладиган бўлса, қурилган йўл ҳам Тожикистон тасарруфига ўтиши ҳақида айтилган.

"Аммо тасдиқловчи ҳужжатлар ва амалда истифода этилишига кўра, бу ҳудуд Қирғизистонга қарашли", - деди мулозим.

Қирғиз расмийларига кўра, 11 январ кунги ҳодиса муносабати билан қирғиз-тожик чегарасидаги назорат- ўтиш нуқталарини вақтинча ёпиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Вазият барқарорлашгунича, чегара ёпиқлигича қолиши айтилмоқда.

Чегарасиз чегаралар

Image caption Чегарасиз "чегаралар"

17 декабрда Қирғизистоннинг Ақ-Сай қишлоғи аҳолиси ва Тожикистоннинг Ворух анклави яшовчилари ўртасида можаро келиб чиққанди.

Хабарларга кўра, Ақ-Сайликлар анклавга йўлни беркитиб, ўз ҳукуматидан Тожикистоннинг Чорку қишлоғини айланиб ўтувчи йўлни қуриб беришни талаб қилганлар.

Икки ҳукумат вакиллари музокаралари ортидан йўл қайта очилганди.

Бу музокаралар оқибатида 9 январда Исфарада қирғиз-тожик чегарасидаги муаммоли ҳудудларда биргаликда қўриқлов ишларини олиб бориш тартиби келишиб олинганди.

Кейинги йилларда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги баҳсли ҳудудлар юзасидан фуқаролар ва ҳарбийлар ўртасида тез-тез жанжаллар юзага келиши кузатилади.

Шўролар зўри билан яратилган сунъий Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришгач ўзаро сарҳадларни аниқлаштириш бошоғриқ масалага айланди.

Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларида бўлгани каби Тожикистон шимоли ва Қирғизистон жанубидаги минтақада айрим ҳолатларда бир қишлоқдан ўтган йўлнинг икки тарафи деярли бир кеча кундузда икки мамлакатнинг “мулки”га айланиб қолди.

Ўзбекистон ўз қўшнилари билан бирин-кетин виза тизимини жорий қилиб, чегараларга мина экиб чиқар экан, Қирғизистон ва Тожикистон сарҳадларига доир асосан маиший, майда жанжаллар рўй бера бошлади.

Бишкек ва Душанбе бу каби муаммоларга ўша минтақа раҳбарлари каби ҳеч қачон жиддий муносабат кўрсатишмаган.

Аммо 11 январда икки давлат чегарачиларининг ростакамига бир-бири билан отишмага киришгани вазият қанчалар тез ёмонлашиши эҳтимолини урғуламоқда.